Пешку: бор куч ва имконият маҳаллаларда хавфсиз муҳитни қарор топтиришга қаратилади
2026-01-22 18:55:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит, манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–1-сон ҳамда “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–2-сонли қарорларининг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тушунтиришга қаратилди. Мазкур қарорлар жиноятчиликка қарши курашда тизимли, аниқ ва комплекс ёндашувни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Семинарда ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш ва маҳаллаларда манзилли профилактик чора-тадбирлар тизимини самарали жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш, ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятга салбий таъсир этувчи омиллар билан ишлашнинг маҳаллалар кесимида ҳар чораклик манзилли чора-тадбирларини белгилаш ҳамда уларнинг маҳалла-туман-вилоят даражасида ижроси учун бевосита масъул раҳбарларни бириктириш, амалга оширилган тадбирлар самарадорлиги юзасидан қатъий сўров тизимини йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар ва кўрсатмалар берилди.
Семинар машғулотида Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси масъул ходими Жасур Ўроқов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳафиза Артикова, вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Алиакбар Пўлатов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қаюм Холов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев, туман прокурори Анвар Эсанов, туман ҳокими Ҳаёт Давлатовлар ҳар бир йўналиш бўйича батафсил тушунтиришлар бериб, амалий тавсиялари билан ўртоқлашдилар.
Масала долзарблиги нуқтаи назаридан, эндиликда вилоят шаҳар ва туманларида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги”ни бир ойда бир маротаба ўтказиб бориш ва уларда тегишли хизматлар иши самарадорлигини баҳолаш тўғрисидаги таклифлар шакллантирилмоқда. Бу таклифлар бевосита криминоген вазияти оғир, уч ва беш йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган, аёллар жиноятчилиги, спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар жиноятчилиги ҳамда судда низолашаётган оилалар салмоғи юқори бўлган маҳаллаларни қамраб олишга қаратилади.
Ҳафталик “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилади. “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” якунини сарҳисоб қилган ҳолда келгусида иш самарадорлигини ошириш мақсадида адлия, суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан “маҳалла еттилиги” учун ижтимоий профилактика бўйича қисқа муддатли семинар-тренинглар ўтказиб борилади.
Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида маҳаллаларда жиноятчилик камайтирилгани амалга оширилган ислоҳотларнинг ҳаётий самарасини яққол намоён этди. Янги қарор эса эришилган ижобий натижаларни мустаҳкамлаш, тизимдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда барча масъул идоралар фаолиятини яхлит, манзилли ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу ташаббус хавфсиз жамият барпо этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари А. Пўлатов 2025 йилда туманда аёллар жинояти ошгани, шунингдек, оила ва никоҳ муносабатларида содир этилган қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятлар салмоғи юқори эканини кескин танқид қилди. Шу муносабат билан масъуллар зиммасига аниқ, манзилли ва қатъий вазифалар юкланди.
Семинарда туман ички ишлар бўлими раҳбарияти, ҳудуддаги 36 та маҳалла “еттилиги” масъуллари, ҳамкор ташкилотлар вакилларига қарор ижроси устидан қатъий назорат тизими жорий этилиши маълум қилинди. Жиноятларни ҳисобдан яшириш ва сохта ҳисоботлар киритиш қатъиян тақиқланиши, самарали ишлаган ходимлар эса рағбатлантирилиши, давлат мукофотларига тавсия этилиши, жамоатчилик олдида эътироф этилиши таъкидланди. Бу эса маҳаллаларда ҳақиқий хавфсиз муҳит яратиш ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








