“Бухоро Агрокластер” МЧЖ АҚШда Ўзбекистон салоҳиятини намойиш этмоқда
2026-01-22 15:25:00 / Янгиликлар

Глобал рақобат ва Ўзбекистон стенди “Texworld NYC” – бу шунчаки кўргазма эмас, балки келажак модаси ва тўқимачилик трендлари белгиланадиган майдондир. Унда жаҳоннинг етакчи брендлари, энг йирик мато ишлаб чиқарувчилари, машҳур дизайнерлар ва халқаро экспертлар иштирок этмоқда. Қувонарлиси, кўргазманинг марказий қисмидан ўрин олган Ўзбекистон миллий стенди, хусусан, Бухоро вилоятининг фахри бўлган “Amirtex” маҳсулотлари хорижлик мутахассислар ва инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Рақамлаштириш ва 12 та Халқаро сертификат. “Amirtex” маҳсулотларига бўлган юқори талабнинг сири нимада?
Мутахассислар буни корхонанинг инновацион ёндашуви билан изоҳлашмоқда. Фабрика республикада ягона бўлиб, унинг иш фаолияти тўлиқ рақамлаштирилган. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнининг шаффофлиги, тезкорлиги ва аниқлигини таъминлайди. Чет эллик ҳамкорлар учун бу ишончлиликнинг асосий белгисидир.
Корхона нақд 12 та нуфузли халқаро сертификатга эга (GS1 Uzbekistan, ISO 9001, SEDEX, GOTS, OCS, RCS, GRS, OEKO tex, Better Work, ICS Environmen ва ҳоказо). Бу маҳсулотнинг жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беришини кафолатлайди ва Европа ҳамда Америка бозорларига тўсиқсиз кириш имконини беради.
Бугунги кунда дунё бозори "Fast Fashion"дан кўра экологик тоза маҳсулотларни афзал кўрмоқда. “Amirtex” бренди остидаги тайёр кийим-кечак маҳсулотлари айнан табиий, экологик тоза хомашёдан тайёрлангани билан АҚШ бозорида устунликка эришмоқда. Бундан ташқари, маҳсулотлар нафақат сифати, балки замонавий дизайни, ранглар уйғунлиги ва бичими билан ҳам кўргазма иштирокчиларини лол қолдирди. Бу ўзбек тўқимачилик саноатининг эндиликда фақат хомашё эмас, балки юқори қийматли тайёр маҳсулот экспорт қила олиш салоҳиятини намоён этди.
14 миллион АҚШ долларлик шартномалар
Кўргазма доирасида “Бухоро Агрокластер” МЧЖ вакиллари фақат намойиш билан чекланиб қолмай, балки АҚШ ва бошқа давлатларнинг йирик компаниялари билан B2B (бизнесдан бизнесга) форматида тўғридан-тўғри музокаралар олиб бордилар.
Ушбу келишувлар нафақат корхона учун, балки Ўзбекистон иқтисодиёти ва экспорт географиясини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. “Бухоро Агрокластер”нинг Нью-Йоркдаги зафари “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остидаги маҳсулотларнинг жаҳон бозорида ўз мустаҳкам ўрнига эга эканлигини яна бир бор исботлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









