Когон тумани: хитойлик мутахассислар кўмагида “AQUATON” ёрлиғи остида гидроизоляция полиэтилени тайёрланмоқда
2026-01-21 10:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Silk road innovation group” хорижий корхонаси томонидан “AQUATON” бренди остида инновацион усулда гидроизоляцияланган полиэтилен ашё ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Мазкур лойиҳа хитойлик инвестор Юра Занг томонидан амалга оширилаётган бўлиб, унинг умумий қиймати 2,4 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, айни пайтда корхонада йилига 600 минг квадрат метр ҳажмдаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эришилган. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 35 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган бўлиб, бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“AQUATON” гидроизоляция полиэтилени замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, сувни ушлаб туриш ва сизиб чиқишининг олдини олиш учун зарур бўлган юқори зичлик ва эластиклик хусусиятларига эга. Ушбу инновацион материал тупроқли, баланд ва мураккаб релъефга эга ҳудудларда сув чиқишини камайтиришда юқори самарадорликка эга.
Дастлаб нефть ва газ саноатида қўлланилган “AQUATON” гидроизоляция материали бугунга келиб энг оғир иқлим шароитларида ҳам ўзини оқлаб, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, суғориш тизимлари, канал ва ариқчаларни изоляция қилиш, дренаж тармоқлари, сув омборлари ҳамда бошқа гидротехник иншоотларни ҳимоялашда, шунингдек, зарарли чиқиндиларнинг ер қатламига сингиб кетишининг олдини олишда самарали восита сифатида қўлланилмоқда.
Мазкур гидроизоляцияланган полиэтилен ашёсининг муҳим афзалликларидан бири — ўрнатиш жараёни соддалиги бўлиб, у мураккаб ва қиммат қурилиш техникаларини тақозо этмайди. Шунингдек, ушбу материал анъанавий бетон ва бошқа гидроизоляция воситаларига нисбатан тежамкор, тез ўрнатилади, вақт ва маблағ сарфини сезиларли даражада камайтиради. Ҳарорат ва турли табиий шароитларга чидамли бўлиб, зарурат туғилганда, бошқа ҳудудга кўчириш имкониятига ҳам эга. Бундан кўринадики, мазкур маҳсулотни қишлоқ хўжалигида, фермер ва деҳқон хўжаликлари маҳсулот етиштиришида кенг қўллаш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







