Олот: улоқ-кўпкари чавандозлари ва мухлислар "Баёт"да йиғилдилар
2026-01-20 18:30:00 / Янгиликлар

Баёт аждодлардан бизга мерос бўлиб келаётган миллий спорт ўйинлари, жумладан, анъанавий кўпкари-улоқ мусобақалари ташкил этиладиган масканлардан бири. Маҳаллада бу галги чинакам полвонлар ўйини — катта улоқ-кўпкари баҳслари муросасизлиги билан эсда қоларли бўлди.
Кўпкари мусобақасида чавандозлар ўртасидаги баҳслар кескин ва қизғин беллашувларга бой кечди. Асрлар давомида шаклланиб келган миллий ўйин нафақат жисмоний куч, балки мардлик, чидамлилик ва жасоратни ҳам талаб этади.
Майдонда отлар дупури, чавандозларнинг шижоати, томошабинларнинг ҳаяжонли қийқириқлари янада қизғин тус олди.
Мусобақада қимматбаҳо совринлар учун кураш олиб борилди. Хусусан, 1 бош туя, 4 бош той, 15 дан ортиқ майда шохли мол, пул мукофотлари ҳамда бошқа қимматбаҳо совринлар полвонлар ўртасига ташланди. Энг нуфузли соврин — туя мукофоти учун бўлган баҳслар айниқса кескин кечди. Узоқ давом этган шиддатли курашлардан сўнг туя соврини Шофрикон туманидан қатнашган чавандоз Ойбек полвонга насиб этди. Унинг майдондаги маҳорати, уддабуронлиги кўпкари ихлосмандлари томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
Баётда бўлиб ўтган мазкур миллий спорт ўйини, чавандозлар баҳси— кўпкари яна бир бор халқимизнинг бой маданий мероси ва азалий анъаналари яшовчан эканлигининг амалий намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати


