Бухоро шаҳри: “Фошун” маҳалласидаги тикув цехи бир неча аёл бандлигини таъминланмоқда
2026-01-20 14:45:00 / Янгиликлар

Вилоят марказининг “Фошун” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нозигул Ярашова ҳам ана шундай машаққатли ҳунар орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган. Унинг ташаббуси аёллар тикувчилик ишини қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги амалий намуналардан бири.
Нозигулга ўтган йили ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчси тавсияномаси, “Оилавий тадбиркорлик дастури” доирасида тикувчилик ва ишлаб чиқариш йўналишида 33 миллион сўм банк имтиёзли кредит маблағи ажратилгани кичик корхона кўринишини олган цехи ишини йўлга қўйишига асос бўлди.
Бу цех туфайли ҳозирда маҳаллада касаначилик йўли танланиб, уйда ишсиз ўтирган хотин-қизлар иш билан таъминланди. Аёллар бажарилган иш ҳажмига қараб ҳақ олиб, оиласига қўшимча даромад киритишмоқда. Муҳими, бунда тикилаётган кўрпа, кўрпачалар, ёстиқ ва бошқа маҳсулотлар буюртма асосида эгаларига етказилмоқда. Асосийси, тўй, маърака ва бошқа оилавий маросимлар, жумладан, келинлар сепи учун мазкур маҳсулотларга буюртмалар ҳам кўпаймоқда.
Айни кунда ҳам тикувчи, ҳам тадбиркорга айланган чевар Нозигул Ярашова фаолиятини ижарага олинган бўш жойда ташкил этган. Тикувчиликдан олинаётган даромад, бир ойлик соф фойда эса ўртача 6–7 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ҳозирда бир неча аёллар бандлиги таъминланаётган кичик корхонани янада кенгайтириш, маҳсулот ҳажми, моддий манфаатдорликни ошириш чоралари изланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







