Жондор: “Чиқиробод”да ёш спортсеварлар учун янги спорт майдони қуриб берилди
2026-01-17 19:55:00 / Янгиликлар

Туманда 2025 йил 2-мавсум “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида амалга оширилган эзгу ишлардан бири — “Оқтепа” МФЙ Чиқиробод қишлоғидаги стадионнинг қайта таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишда мини футбол, яна “wоркоут” майдончаси янгидан барпо қилингани бўлди. Мазкур лойиҳа учун моддий қиймати 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, маҳаллий аҳоли ва улар фарзандларининг кўп йиллик талаб-истаклари бажо келтирилди.
Спорт майдонини фойдаланишга топшириш тадбирида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳозир бўлдилар. Унда сўз олганлар юртимиз обод манзиллари қаторида бугун туман ва унинг Оқтепа каби маҳаллаларида қатор янгиланиш ва бунёдкорликлар амалга оширилаётгани, айни кунда мажмуа ҳудуд спортсеварлари учун яна бир имконият эканлигини таъкидладилар. Тадбирда спорт иншооти қурилиши ва таъмирида алоҳида жонбозлик кўрсатган ишчи-мутахассисларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Янги таъмирланган стадион ва ундаги имкониятлар аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ҳам муҳим восита бўлиб, маскан эндиликда нафақат спорт билан шуғулланиш, балки маҳалла аҳлининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун ҳам қулай манзилга айланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








