Shan Jianming: Бухородаги завод Марказий Осиёдаги энг йирик чиқиндини қайта ишлаш лойиҳасига айланади
2026-01-17 13:45:00 / Янгиликлар

Бугун, 17 январь куни вилоят ҳокими Ботир Зарипов “Mizuda Group” компанияси раиси Shan Jianming бошчилигидаги делегация билан учрашиб, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни муҳокама қилди.
Вилоят раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари жадал ривожланаётганини, икки давлат раҳбарлари ўртасида илиқ, дўстона ва ишончли муносабатлар фаол ҳамкорлик, конструктив мулоқот ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратаётганини мамнуният билан таъкидлади.
Энергетика тизимидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Бухорода Хитойнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилганини, хитойлик шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ҳам ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга ва электр энергияси таъминотини яхшилашга ҳисса қўшишини эътироф этди.
Ўз навбатида Shan Jianming самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Инвесторларга берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, Бухоро вилоятида чиқиндиларни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш ва энергия ишлаб чиқариш лойиҳаси самарали ҳамкорлик ва ишонч туфайли амалга оширишга киришилганини айтиб ўтди. Вилоятнинг атроф-муҳитини яхшилаш, ижтимоий—иқтисодий ривожлантиришига ҳисса қўшишдан мамнун эканини билдирди.
-Бухорога биринчи бор келишим. Бу ер менга жуда ёқди. Бевосита лойиҳа ҳақида тўхталсам, компаниямизнинг турли давлатларда ҳозирга қадар 50 та шу каби лойиҳани амалга оширди. Бухородаги завод 51-лойиҳамиз бўлиб, у Марказий Осиёдаги энг йирик чиқиндини қайта ишлаш лойиҳасига айланади,- деди Shan Jianming.
Қайд этиш лозимки, мазкур лойиҳа қиймати 180 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, унинг амалга оширилиши чиқиндиларни полигонларда йиғилишини кескин камайтириш, экологик ҳолатни яхшилаш ва энергетика соҳасида барқарорликка эришиш, шунингдек, кўплаб янги иш ўринларини яратиш имконини беради.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни босқичма-босқич ривожлантириш юзасидан келишувга эришдилар.
Маълумот учун:
“Wangneng Environment Co., Ltd.” компанияси — 1993 йилда ташкил этилган бўлиб, бош офиси Chjetsyan вилоятида жойлашган.
Компания таркибида бугунги кунга қадар 50 та қайта ишлаш заводи мавжуд бўлиб, Камбоджа, Таиланд ва Вьетнамда йирик чиқиндиларни қайта ишлаш ва энергия ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Компания Хитойдаги энг йирик чиқиндиларни қайта ишлаш ва чиқиндидан энергия ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи корхоналардан бири бўлиб, 13 мингдан ортиқ ходимга эга.
2024 йилда компаниянинг умумий даромади 4,44 миллиард АҚШ доллари, соф фойдаси эса 785 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









