Пешку: “Садир” маҳалласида Бадаловлар оиласи иссиқхонасида ҳам баракали ҳосил кўзланган
2026-01-16 16:35:00 / Янгиликлар

Бугунги келиб ҳудудда тоифаланган дафтарлардан ўрин олган юздан ошиқ ижтимоий муҳофазадаги оилаларга даромад манбаини яратиб бериш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ҳудудда 200 га яқин фуқаро ўз томорқа ерида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, иссиқхона хўжалигини юритиб, моддий манфаатдорликка эришмоқда.
Садирда иссиқхона хўжалиги, томорқачилик ривожланган бўлиб, аҳолининг 70 фоизидан ортиғи, деярли 3 мингга яқини бевосита томорқа иши, дала-деҳқончилик агротехникаси билан бандлигини кўриш мумкин. Уйма-уй юриб, бир сотихдан ярим гектаргача майдонда барпо қилинган иссиқхоналарнинг аксарияти шу кунда гуркираб, яшнаб ётгани, улардан йилига уч марта ҳосил олинаётгани, помидор, бодринг, булғор қалампири, картошка, сабзи, карам, “тўқсонбости” усулида етиштириладиган кўкатлар билан бирга лимон, апельсин, мандарин каби цитрус мева етиштиришга киришилган.
Эрта баҳордан бу иссиқхоналарни ярмидан кўпида сабзавот маҳсулотлари кўчатларини етиштириб сотиш бошланади ва бу ҳам даромад манбаи. Умуман, ҳудуддаги аҳоли хонадонлари томорқаларида 3 гектарга яқин ерда сабзи, 2 гектарга яқин ерда картошка етиштирилаётгани элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.
Миришкор томорқачилар қаторида Баҳодир Бадалов ҳам ўзига тегишли 50 сотих ер майдонида ёмғир сувини тўплаш орқали томчилааб суғориш механизмини жорий қилиб, деҳқончиликда юқори натижаларга эришмоқда. Бу инновацион тизим орқали 10,2 минг доллар қийматга эга, сиғими 150 тонна бўлган сув резервуари орқали 200 тоннадан ошиқ ёмғир суви йиғилиб, бу орқали экин ери самарали суғорилмоқда.
Мавсумига қараб хўжаликда йилига 7,5 миллион дона помидор, бодринг ва бошқа иссиқхонада етиштириладиган кўчатлар барқарор етиштирилмоқда. Айниқса, лойиҳа доирасида бодринг ва кўчат етиштириш жараёни самарали йўлга қўйилган бўлиб, бу ҳудуд аҳолиси учун сифатли, сархил маҳсулотлар етиштириш имконини яратади.
Ҳозирги кунда иссиқхонада бодринг, шунингдек, помидор кўчатлари экиб парваришланмоқда. Кўчатчилик тармоғи ҳам ҳадемай қизғин тус олади. Муҳими, барқарор деҳқончилик фаолияти ортидан садирлик ёшлардан 10 нафари айнан Баҳодир Бадалов иссиқхона хўжалигидан ўзига мос иш топган. Бу иш ўринлари орқали эса маҳаллада оилавий бандлик ва тадбиркорлик иши кенгаймоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








