Ғиждувон: “Барака” МФЙда “Олтинсой” экотуризм маскани барпо қилинди
2026-01-15 22:35:00 / Янгиликлар

Жумладан, “Барака” массивида барпо қилинган “Янги Ўзбекистон” аҳоли масканида айни кунда 468 та хонадонга мўлжалланган жами 24 та, ҳар бири 5 қаватдан иборат замонавий турар жой иншоотлари қад ростлаган. Бу турар жойларнинг ҳар бири 20 та ёш оилани ўз бағрига олиши баробарида табиий газ, тоза ичимлик суви, электр энергияси, оқава сув тармоғига уланган бўлиб, атрофи мўъжаз шаҳарчани эслатадиган обод манзилга айлантирилмоқда.
Ҳудудда баркамол авлод таълим-тарбияси учун 1 минг 56 ўринга эга 53-сонли, уч қаватли умумтаълим мактаби, 360 ўринга мўлжалланган 57-сонли, икки қаватли шинам давлат мактабгача таълим ташкилоти, унинг ёнидан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли икки қаватли оилавий поликлиника қуриб фойдаланишга топширилгани кўпларни мамнун қилди. Эндиликда ҳудудда ўндан ортиқ савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси билан бирга истироҳат боғи ҳам ташкил этилаётгани, турар жой иншоотлари атрофи кўкаламзорлаштирилаётгани айни муддао.
Шу билан бирга, “Барака” МФЙда 29 гектар майдонда “Олтинсой” экотуризм маскани барпо этилаётгани сайёҳлик тармоғини ривожлантириш, маҳаллий иқтисодиётга муносиб улуш қўшиш, қўшимча иш ўринлари яратишда катта аҳамиятга эга, албатта. Мазкур замонавий мажмуа аҳоли ва меҳмонлар учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилмоқда. Масканда от, туя ва велосипедда саёҳат йўналишлари, қум устида спорт ўйинлари, миллий ва замонавий ресторанлар ҳамда меҳмонхоналар, сунъий чўмилиш ҳавзалари ва пляжлар каби кўплаб хизматлар йўлга қўйилмоқда.
Лойиҳа доирасида ҳудудни ободонлаштириш ва экологик муҳитни яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, пиёдалар йўлаклари барпо этилди, 20 минг туп манзарали дарахт ниҳоллари ўтқазилиб, 20 гектар ерда “яшил ҳудуд” ва замонавий суғориш тизими ташкил этилмоқда. Натижада “Олтинсой” нафақат дам олиш, балки экологик туризмнинг намунали масканига айланади.
Амалга оширилган ишлар натижасида ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлиги сезиларли даражада ошмоқда. Мазкур мажмуа йилига 15 минг нафаргача сайёҳни қабул қилиш, шунингдек 50 та доимий ва 150 та мавсумий иш ўрни яратиш имкониятига эга.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








