Пешку: "Навбаҳор" маҳалласида Шариповлар уй хўжалигида қўйчилик ривожлантирилмоқда
2026-01-15 17:40:00 / Янгиликлар

Гап “Арашан” зотига мансуб қўйлар хусусида бормоқда. Нарх-навосига қизиққанлар учун, водий вилоятларида атиги тўрт-беш ойлик қўзичоқнинг нархи сўмда эмас, долларда ҳисобланади. Маҳаллий ҳисори она қўйдан ўртача 5-7 килограмга тенг қўзи олинса, “Арашан” зотдор қўйидан олинадиган қўзиси 8-10 килогам ва ундан оғирроқ “тош босади”. Ҳатто, ўртача наслдор қўчқор нархи ҳозирда 5-7 минг АҚШ доллари ва ундан ортиққа баҳоланаётгани ҳам бор гап. Аллақачон бу зотли қўйлар бозорга чиқарилган ва мамлакатимизда, жумладан, Бухорода ҳам “Арашан” қўйига эга бўлган аҳоли хўжаликлари сафи кенгаймоқда. Мамлакатимиз гўшт саноатининг алоҳида “деликатес”и, яъни пешқадам тармоғи айнан қўйчиликдан. Биламизки, қўй гўшти таъми ва оқсилга бойлиги билан ҳам ажралиб туради.
Пешку туманида ҳам майда шоҳли чорва тармоғида зотдор “Арашан” қўйларини боқиб кўпайтиришда ҳам катта тажриба тўпланмоқда. Масалан, “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зулфиддин Шарипов худди шу баракали фаолиятини йўлга қўйганига кўп бўлмаган. Мазкур ташаббус туфайли ҳозирда унинг қўрасидаги зотдор қўй сони 100 бошга етказилибди.
Бундан ташқари, Шариповлар хонадони меҳнаткашлари қўйхонани кенгайтириб, ҳозирда 70 бош “Ҳисори” ва 80 бош “Араби” қўйларини боқиб парваришламоқдалар. Айниқса, “Арашан” зотли қўйларнинг юқори сифатли гўшти, юқори озуқавий ва моддий қиймати лойиҳа муваффақиятининг асосий таркибидир. Бу зотнинг гўшти оқсил, витамин ва минералларга бой бўлиб, маҳаллий бозорда рақобатбардош маҳсулот сифатида қадрланади.
Шариповлар оилавий қўйчилик хўжалиги умумий қиймати 2,5 миллиард сўмни ташкил этиб, уни амалга ошириш натижасида 4 та доимий иш ўрни яратилган. Маҳаллада бандликни таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, одамларга даромад манбаини яратишда бу каби шахсий ташаббус ва истиқболли лойиҳаларнинг ўз ўрни бор, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





