Омск инновацион технологиялар заводи (ОмЗИТ) Бухорода иссиқлик таъминоти соҳасида мутахассислар тайёрлайди
2026-01-15 15:10:00 / Янгиликлар

Қайд этиш лозимки, “Лаварт” бренди остида саноат қозонлари ва иситиш тизимлари ишлаб чиқарувчи завод 1997 йилда ташкил этилган бўлиб, юқори энергосамарадорликка эга технологиялар асосида фаолият юритади. Заводда роботлаштирилган линиялар, лазер кесиш ва автоматик назорат тизимлари ўрнатилган.
Устав капитали 31,4 миллион рублдан иборат заводнинг ўтган йилдаги товар айланмаси 1,81 миллиард рублни ташкил этган. Соф фойда 97,7 миллион рублга тенг.
Омзит Ўзбекистонда, жумладан, Бухорода инжинерлик маркази ва ишлаб чиқаришни локализация қилишни режалаштирган. Айни шу мақсадда ҳозирда Омск инновацион технологиялар заводи (ОмЗИТ) бош директори ўринбосари Дмитрий Бахта ва “Энергомаш” корхонаси ижрочи директори Павел Атрамонов Бухорода бўлиб турибди.
Улар бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов қабулида бўлишди. Мулоқотда Бухоро шаҳрида иссиқлик таъминоти соҳасида компетенцияларни ривожлантириш бўйича муҳандислик марказини ташкил этиш, малакали кадрлар тайёрлаш, энергетика стратегиясини амалга ошириш доирасида таълимнинг рақобатбардошлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, сунъий интеллектни жорий этиш орқали қозонларни бошқариш тизимларини қайта жиҳозлашга қаратилган инновацияларни жорий этиш бўйича фикр алмашилди.
Меҳмонлар Бухоро давлат техника университети, Бухоро шаҳар 1-сон техникуми, “Бухороэнергомарказ” АЖ фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, режалаштирилган лойиҳани амалга ошириш механизмларини кўриб чиқишди.
Якунда Омск инновацион технологиялар заводи, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, Бухоро давлат техника университети ҳамда Бухоро шаҳар 1-сон техникуми ўртасида иссиқлик таъминоти соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган муҳандислик марказини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









