“Oʻzbekkosmos” агентлиги Бухорода қишлоқ хўжалиги ерларини космик мониторингини юритишда ҳамкорлик қилади
2026-01-14 19:35:00 / Янгиликлар

Бу лойиҳа масофавий зондлаш технологиялари, илғор геоахборот тизими ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқаришнинг барқарор усулларига кўмаклашиб, маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишни яхшилашга имкон яратади.
Айни кунларда “Oʻzbekkosmos” агентлиги мутахассислари, маҳаллий, минтақавий ва халқаро экспертлардан иборат гуруҳлар вилоят ва туманларда бўлишиб, ҳамкорликка оид битимлар тузишмоқда. Жумладан, вилоятимизда қишлоқ хўжалиги иқтисодий барқарорлик ва озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим таркибий қисми бўлиб, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига таянади. Аммо иқлим ўзгариши ва сув танқислиги туфайли сўнгги вақтларда кузатилаётган сув тақчиллиги, ҳосилдорликка бевосита таъсир кўрсатаётгани ҳам муболаға эмас.
“Oʻzbekkosmos” агентлиги департаменти бошлиғи Шавкатжон Аҳмедов бошчилигидаги мутахассислар бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан мулоқотда бўлиб, амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашишди.
Қайд қилинганидек, эндиликда ҳудуд экин ерлари мелиоратив ҳолати, ерни шудгорлаш, ўғит киритиб суғориш, бошқа агротехник тадбирлардан тортиб мавжуд боғ-токзорлар, ирригация иншоотлари ўтказувчанлиги, ҳатто ерости ресурслари мониторингини тўғри ва инновацион технологиялар воситасида кузатиш, мониторинг қилиш имконияти яратилган.
Қишлоқ хўжалигида асосан серҳосил навларга мансуб пахта, ғалла, шунингдек, пилла етиштиришда тутзорлар плантациялари, боғ-токзорлар, сабзавот-полиз етиштириладиган ерлар мониторингини юритиш, худди шундай, вилоятда мавжуд сув объектлари (дарё, магистраль канал, зовурлар, сув омборлари, кўллар) қирғоқ бўйи муҳофаза минтақасидаги ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, ноқонуний бино-иншоотлар қурилишини аэрокосмик мониторинг орқали аниқлаш ва зарур чораларни кўриш имконияти бор. Бунинг учун жойларда малакали мутахассислар иштирокида кўргазмали амалий ўқувларни ташкил этиш, агентлик техник имкониятларини тарғиб этиш тақозо этилади.
Мазкур лойиҳанинг мақсади вилоятимиз туманлари кўп тармоқли аграр мажмуасида космик технологиялар ва геофазовий маълумотларнинг сўнгги ютуқларидан фойдаланишда ёрдам бериш ҳамда космик маълумотлар, минтақавий тажриба ва захиралардан ўз вақтида фойдаланишни осонлаштиришга қаратилган. Ерни кузатиш ёрдамида қурғоқчиликни мониторинг қилиш ҳақидаги тушунчаларини чуқурлаштириш, ҳамкорликдаги ҳаракатларни мустаҳкамлаш ва салоҳиятни ривожлантириш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








