Когон туманида замонавий спорт яккакурашлари зали очилди
2026-01-14 18:30:00 / Янгиликлар
Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда татбиқ этилган 5 та муҳим ташаббуснинг бири бўлган ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш янгича тизимда амалга оширилмоқда. Барча ҳудудларида, ҳатто энг олис қишлоқларда ҳам замонавий ва фойдаланиш учун қулай спорт инфратузилмаси барпо этилмоқда.

Ўтган йилнинг ўзида Бухоро вилоятида 30 дан зиёд спорт масканлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада спорт билан доимий шуғулланадиганлар сони икки баробар кўпайди. Энг муҳими, ёшларимиз орасида нуфузли спорт мусобақалари, жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари етишиб чиқмоқда.
Мулоҳазаларимизни Когон тумани мисолида давом эттирадиган бўлсак, якунланган йилда когонлик 75 нафар ёш спортчилар республика миқёсида ўтказилган турли мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олишди. Шунингдек, 8 нафар спортчи Осиё чемпионати совриндорига айланди. Яна 35 нафар иқтидор эгалари эса турли халқаро даражадаги турнирларда шоҳсупадан ўрин олди. Ҳозирга келиб 27 нафар когонлик ёшлар турли йўналишларда миллий терма жамоа аъзоси ҳисобланишади.
Айниқса, ҳудуд спорт яккакурашлари билан шуғулланувчи сафи тобора кенгайиб бораётгани улар учун замонавий инфратузилма яратишни тақозо этаётган эди. Шуни инобатга олиб, қолаверса, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида спорт яккакурашларига ихтисослашган замонавий спорт зали қуриб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур спорт иншооти 1 млрд 500 млн сўм маблағ эвазига барпо қилинди. 600 млн сўмлик зарур инвентарлар билан жиҳозланди. Бу ерда спортнинг эркин, юнон-рум ва миллий кураш йўналишлари билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган.
12х30 метр ўлчамдаги замонавий залда 3 та татами гилами, ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида кийиниш хоналари, мураббийлар ва тиббиёт хонаси жойлашган. Залда кунига 200 нафаргача спортчи шуғулланиши мумкин.
Эндиликда маҳалла ёшлари дзюдо спорт тури билан шуғулланиши учун узоқ масофа босиб юришлари шарт эмас. Бу ўз навбатида ота-оналар учун ҳам қулай.
Залнинг очилиши муносабати билан ташкил этилган вилоят ва туман ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутасаддилари, спорт соҳаси вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Унда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва бошқалар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлашди.
Мажмуа йил давомида спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланиш, вилоят ва республика миқёсидаги мусобақалар ўтказиш, юксак малакали спортчиларни тайёрлаш ва энг асосийси ёшларимизни оммавий спорт турларига кенг жалб этишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









