Қоракўл: Умар Болтаев ҳам ўз хонадонига қуёш панелларини ўрнатиб, оиласининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш баробарида, қўшимча даромад манбаига ҳам эга бўлмоқда
2026-01-12 21:25:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда жумладан, вилоятимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, энергия тежовчи технологияларни кенг татбиқ қилиш борасида қатор муҳим қарор ва дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу янгилик ва ислоҳотлар натижасида айни кунда аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатиш оммалашиб, оддий фуқаролар учун ҳам қулай ва манфаатли имконият, имтиёзлар берилмоқда.
“Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Умар Болтаев ҳам ўз хонадонига қуёш панелларини ўрнатиб, бир вақтнинг ўзида оиласининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш баробарида, ортиқча ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини ҳар бир киловатини давлат солиқ инспекцияси орқали 1000 сўмдан сотиш орқали қўшимча даромад манбаига ҳам эга бўлмоқда.
— Хонадонимизга 50 кВт соат қувватга эга қуёш панелларини ўрнатдик. Бу қувват оиламиз учун тўлиқ етарли бўлиш билан бирга, истеъмолимиздан ортган электр энергиясини сотиш имконини бермоқда,—дейди Умар Болтаев.—Дастлаб панелларни тижорат банки имтиёзли кредит маблағи асосида ўрнатган бўлсакда, ҳозирда сотилаётган электр энергиясидан тушаётган даромад кредит тўловларини бемалол қопламоқда. Шу боис, барчага қуёш панелларини ўрнатиб, муқобил энергия манбаига эга бўлишни тавсия қиламан.
Хонадон соҳиби Умар ака учун бу ташаббусни амалга оширишдан кўзланган мақсад фақат даромад орттириш эмас, балки давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарор муҳим рағбат ва эътибор бўлган.
Дарҳақиқат, бундай лойиҳалар нафақат аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, балки электр тармоқларига тушаётган юкламани камайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда энергия мустақиллигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хулоса қилиб айтганда, қуёш панелларини ўрнатиш бугун нафақат келажак учун сармоя, балки ҳозирнинг ўзидаёқ ўз самарасини бераётган, иқтисодий ва экологик жиҳатдан фойдали ташаббусдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









