Шофирконлик оила Умра зиёрати учун йиғиб юрган қарийб 70 миллион сўм маблағини қишлоғидаги кўприк таъмирига сарфлади
2026-01-12 20:05:00 / Янгиликлар

“Боғиафзал” маҳалла фуқаролар йиғинидаги бир оиланинг саховатпешалик билан амалга оширган иши кўпчилик учун ҳақиқий ибратдир. Шу маҳаллада умргузаронлик қилаётган Жамила Ўринова ҳамда Саъдулла Раҳимовлар 2025 йилда Умра зиёрати учун йиғиб юрган қарийб 70 миллион сўм маблағларини қишлоқдошлари манфаатига йўналтиришни афзал кўрдилар.
Бу сармоя эвазига Боғиафзал, Пашмон, Жилвон ҳамда Шароф Рашидов маҳаллаларини ўзаро боғловчи кўприк, шунингдек, Сўфиён қишлоғида жойлашган кўприк тўлиқ таъмирланиб, уларга қўшимча бетон плиталар ётқизилди. Кўприклар кенгайтирилиб, йўл қисми асфальтлаштирилди. Қувонарлиси, бугунга келиб бу кўприклардан ўнлаб хонадон аҳли хавфсиз ва қулай фойдаланмоқда.
Оила соҳиби узоқ йиллар қурилиш соҳасида фаолият юритган, хонадон бекаси эса умрини фарзандлар тарбиясига бағишлаган. Балки айнан шу ҳаётий тажриба уларни савобни фақат сафарда эмас, хизматда кўришга, хайрли мақсадга ундагандир.
Азалдан йўл солиб кўприк қурган, сув келтирган элда азиз саналган. Айни кунда 6 нафар фарзанд, 5 нафар қиз ва 1 нафар ўғилни “оқ ювиб, оқ тараб”, вояга етказиб уйли-жойли қилган, худди шундай, 11 нафар неваранинг қувончи билан умргузаронлик қилаётган бир оиланинг эзгу амали, ҳаётий қарори кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонди. Кўнглида қишлоқдошлари учун беғараз, беминнат хизматдан бўлак илинжи бўлмаган хонадон соҳиблари ийманиб айтган гаплари шу бўлди: “муқаддас сафар оиламизнинг кўп йиллик орзуси эди, аммо йўл ва кўприклар таъмири ўнлаб юртдошларимизнинг кундалик ташвиши эканлиги билан оиламиз орзу-ҳавасидан устунлик қилди. Қишлоқдошларимизга манфаат келтирганимиздан жуда хурсандмиз”.
Шу биргина хайрли воқеа бизга яна бир оддий ҳақиқатни эслатади. Таъбир жоиз бўлса, Боғиафзалда қурилган бу кўприклар нафақат темир-бетон, балки чин ихлос, виждон ва иймон устига қурилган кўприклардир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






