Ромитан: “Хўжаубон” ва “Ҳазорбоғ” каналлари ўзанининг 17 км қисми реконструкция қилинмоқда
2026-01-10 14:20:00 / Янгиликлар

Қарорга мувофиқ ишлаб чиқилган давлат дастурига Бухоро вилоятидан 6 та ирригация иншооти киритилган бўлиб, айни жорий қиш-баҳор мавсумида ҳудуддаги умумий узунлиги 63,6 километрдан иборат хўжаликлараро канал ва ариқлар ўзанини бетонлаштириш, реконструкция қилиш учун умумий қиймати 80,9 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Жумладан, Ромитан туманида "Хўжаубон" ва “Ҳазорбоғ” хўжаликлараро каналлари ўзанининг умумий 17 минг метр узунликдаги қисмини қайта таъмирдан чиқариб, бетонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Мазкур объектларни реконструкция қилишга доир лойиҳа-смета ҳужжатлари “Шофиркон универсал сервис” ва “Сувоқавалойиҳа” МЧЖ лари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бажариладиган иш ҳажми пудратчи “Вобкент олмос” МЧЖ механизациялашган жамоаси зиммасига юкланган.
Лойиҳа доирасида шу кунларда “Хўжаубон” каналида 10,6 минг метр, “Ҳазорбоғ” каналида эса 16 минг метр ўзанни таъмирлаш ва бетонлаштириш ишлари жадало давом эттирилмоқда. Аниқроғи, айни кунда “Хўжаубон” каналида 6 минг метр, “Ҳазорбоғ”да эса 8,5 минг метр ўзан бетонлаштирилган. Ҳар икки гидроиншоотда бажариладиган умумий иш учун моддий қиймати 26 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Пудратчи "Вобкент олмос" МЧЖ томонидан гидроиншоотларда 7 та эксковатор, 5 та бетон ташувчи, сув ташувчи юк автомашиналари, автокран ва автосамосваллар кучидан фойланган ҳолда ўттизга яқин ишчи-мутахассис меҳнат қилмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, бу икки канал ўзанини тартибга солиш ва деҳқончилик мавсумида сув сарфини камайтиришга хизмат қиладиган мазкур бетонлаштириш ишлари туфайли Ромитан ва Пешкў туманларидаги фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига тегишли экин ерлари, боғ-токзорларни етарлича “оби ҳаёт” билан таъминлаш имконияти яхшиланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









