Ахборот хизматлари фаолияти танқидий таҳлил қилинди
2026-01-09 19:15:00 / Янгиликлар

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда ахборот хизматлари фаолияти, уларнинг журналист ва блогерлар билан ҳамкорлиги даражаси атрофлича таҳлил қилинди. Бу борада айрим матбуот хизматлари суст ишлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Тадбирда матбуот хизматлари фаолиятини доимий ўрганиб бориш, мавжуд камчиликларни аниқлаш, давлат органлари томонидан ахборот маконидаги турли таҳдидларга ўз вақтида, малакали жавоб бериш механизмини йўлга қўйиш бўйича айрим таҳлилий маълумотлар тақдим этилди. Шундан келиб чиқиб, матбуот хизматлари ишини фаоллаштириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари, ҳокимликларнинг вилоятимиз ҳаётида кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги материалларни ўз ахборот каналлари, марказий нашрлар ва телеканаллар орқали энг узоқ ва чекка ҳудудларгача етказиб бериш имкониятлари таҳлил қилинди. Эндиликда уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, ўзлари ишлаётган ташкилотнинг очиқлигини таъминлаш ва ислоҳотлар натижасини аҳолига етказишдаги ролини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ижтимоий тармоқлар билан тизимли ишлаш, ташкилотнинг PR-стратегиясини ишлаб чиқиш ва ахборот маконида ижобий имижни яратиш каби йўналишларда махсус ўқув-курсларини ташкил этишга келишиб олинди.
Очиқ мулоқотда матбуот котиблари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Олим Жўраев уларнинг саволларига жавоб берди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




