Қоракўл: Шерали Раҳматов ҳам қишлоқда пенаблок тайёрлаш цехини юритмоқда
2026-01-09 18:40:00 / Янгиликлар
Бугун юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самараси туман ва маҳаллалар миқёсида яққол сезилмоқда. Қоракўл туманида ҳам бизнес ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани туфайли ҳудудда ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилаётгани, ижтимоий муҳофазага олинган хонадонлар, ишсизлар учун иш ўрни ва даромад манбаи яратилаётгани оилалар турмуш тарзи яхшиланишида муҳим ўрин тутмоқда.

“Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Шерали Раҳматов ҳам шундай ташаббускор ёшлардан бири. Ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан у имтиёзли банк кредитини олиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришига ихтисослашган кичик цех ташкил этганига кўп бўлмади.
Мазкур цехда бугунга келиб қурилишбоп пенаблок маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Бинокорлик соҳаси ривожланаётган ҳозирги шароитда бу маҳсулотларга талаб юқори бўлиб, ички бозор эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозирда кичик корхонада 3 нафар маҳаллий ёш иш билан таъминланиб, ойлик даромадига эга бўлмоқда. Шерали Раҳматовнинг айтишича, яқин ойларда иш ҳажмини кенгайтириб, қўшимча 4 та иш ўрни яратиш ҳаракатига киришилган. Негаки, пенаблокка талаб, буюртма сони кўпайган.
—Маҳалладошларимизни иш билан таъминлаш баробарида улар кучи билан бизнес ишимизни ривожлантираяпмиз. Ҳадемай, янги ускуналар олиб келишни, цехимиз фаолиятини янада самарали йўлга қўйишни кўзлаяпмиз. Яратилган имконият ва берилаётган имтиёзлар биз ёш тадбиркорлар учун катта мадад ва далда бўлаяпти,— дейди Шерали Раҳматов.
Дарҳақиқат, бундай ташаббуслар нафақат бир оиланинг турмуш даражасини яхшилаш, балки яхлит маҳалланинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига ҳисса қўшмоқда. Янги турмушликлар орасида автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш, тикувчилик, сартарошлик, пайвандловчилик, новвойлик, уста дурадгорлик ва бошқа тармоқларда ўз фаолиятини йўлга қўйиб, ҳаётда мустаҳкам ўрнини топаётган ёш ташаббускорлар сафи кенгаймоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









