Ромитан: “Romstar”, “Muhammadzohid Azim Buxoro” каби корхоналарда бизнес лойиҳалари кўздан кечирилди
2026-01-08 12:25:00 / Янгиликлар

Туман марказидан 15 километр узоқликдаги “Қумработ” МФЙда "Ромстар" қўшма корхонасининг дуал таълим тармоғи ва уруғ тайёрлаш биологик лабораторияси лойиҳаси масъул ишчи гуруҳида катта қизиқиш уйғотди. Пиллачиликка ихтисослашган «Ромстар» Ўзбекистон–Россия–АҚШ қўшма корхонаси нафақат ипак ишлаб чиқарувчи корхона, балки замонавий технологиялар, илм-фан ва меҳнаткашлик уйғунлашган инновацион марказ сифатида шаклланмоқда.
“Муғонча” МФЙ Аламдор қишлоғида фаолият юритаётган корхона ишлаб чиқариш қувватларига тўхталсак, Хитой технологияси асосида йил бўйи 150 тонна хом ипак тола ишлаб чиқариш имкониятига эга. Таҳлилларга назар солсак, корхонада 2020 йилда 64 тонна ипак тола ишлаб чиқарилиб, маҳсулот экспорти натижасида 2 миллиард 358 миллион сўм соф фойдага эришилган бўлса, 2021 йилда бу миқдор икки бараварга оширилиб, 100 тоннадан орттирилган, 2022 йилда 120 тоннани, 2023 йилда 130,4 тоннани, 2024 йилда 135 тоннани ва 2025 йилда 140 тонна “кумуш тола” қайта ишлашга йўналтирилган. Худди шундай, буюртмачиларга етказилган ипак тола эвазига ўтган йилда қарийб 4,3 миллиард сўм соф фойда қўлга киритилган.
“Romstar” корхонасида мавсум давомида 500 нафар ишчи доимий иш билан таъминланса, қурт боқувчилар билан биргаликда бу кўрсаткич 800 нафаргача етади. Ишлаб чиқариш жараёнига жалб этилган замонавий ускуналар инсон меҳнатига нисбатан 7–10 баробар самаралироқ ишлайди. Корхонанинг Қумработ маҳалласидаги уруғ ишлаб чиқариш биолабораториясига келсак, цех янги технологик линияда 150 нафаргача ишчи-мутахассисга эга бўлади.
Молия-иқтисодиёт мажмуаси таркибига кирувчи ташкилот ва идоралар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари масъулларидан иборат ишчи гуруҳи “Қаҳрамон“ МФЙ да иссиқхона хўжаликлари фаолияти билан танишди. Маҳаллада эҳтиёжманд оилалар аъзоларига томорқа сифатида ажратиб берилган 10 гектарли экин ерида иссиқхона барпо этилиб, ҳосил етиштириш ишлари жадал бормоқда.
Қайд этиш лозимки, айни кунда 733 та хонадон ва деярли 4 минг нафарга етган мазкур маҳаллада иссиқхона йўналишида банд хонадон сони 608 тани, яъни 83 фоизни ташкил этиб, шундан 152 гектар иссиқхона ерида деҳқончилик қилинмоқда. Шундан ҳудудда аҳоли хонадонларида 77 гектарда, даладаги 75 гектар ерда ташкил қилинган деҳқон хўжаликларида пешма-пеш ҳосил етиштириш тажрибаси шаклланган.
“Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллада шаклланган тажриба асосида ниҳояланган йилда яна 10 гшектар ер майдони эҳтиёжманд оилаларга тақсимлаб берилган. Бу хўжаликларни аниқ бир экин турига ихтисослаштириш, бунда тажрибали фермер, деҳқон ва тадбиркор аёллар иш услубини оммалаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Иссиқхоналар етти йил муддатга имтиёзли кредит маблағлари асосида расмийлаштирилиб берилгани ҳам аҳолига қулайликдир.
Айнан “Қаҳрамон” маҳалласидаги “Muhammadzohid Azim Buxoro” МЧЖ томонидан кейинги йилларда 1,2 гектар ер майдонида кўчатчиликни ривожлантиришга ўтилган. Бу тармоқда 20 нафар доимий ишчи банд бўлиб, асосан қишки мавсумда, эрта баҳор мавсуми учун аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликларига помидор, булғор қалампири, бақлажон, сабзавот маҳсулотлари кўчатларини сара уруғидан экиб ундириб етказиб беришга ихтисослашган.
МЧЖнинг умумий ер майдони 2 гектар бўлиб, шундан 1,2 гектарида кўчат етиштиришга ихтисослашган иссиқхонада шу кунларда иш қизғин. Бу ерда халқимиз севиб истеъмол қиладиган помидор, бодринг ва ширин қалампирнинг серҳосил навлари уруғлари айнан Туркия, Голландия ва Исроилдан келтирилиб экилади. Униб чиққан ниҳоллар турли касаллик ва зараркунандаларга қарши эмлангандан сўнггина фермер ва деҳқонларга етказилмоқда.
Шу куни ишчи гуруҳи аъзолари Қалайчорбоғ маҳалласида яшовчи Асалхон Қўзиева номига берилган 15 сотихдан иборат ер майдонида барпо қилинган иссиқхонасида ҳам бўлдилар. Ҳозирда бу томорқа ерида Қўзиевлар оила аъзолари ҳамжиҳатликда меҳнат қилиб, иссиқхонада гидропоника усулида қулупнай экиб етиштирмоқдалар. Бир неча ойлик пешона тери эвазига миришкорлар аҳоли дастурхонига 4 тоннадан ошириб сархил қулупнай етказиб бериш ҳаракатидалар.
Ҳудуддаги танишув ва ўрганишлар якунида масъуллар томонидан тадбиркорлар ва улар корхоналари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш, молиялаштириш ва инфратузилмани такомиллаштириш билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, таклиф ва тавсиялар билдирилди. Мулоқотда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ истиқболдаги режалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









