Пешку: “Bukhara Best Builder” МЧЖ ва “Ўғлон” фермер хўжалигида истиқболли бизнес лойиҳалари ривожлантирилмоқда
2026-01-08 11:20:00 / Янгиликлар

Куни кеча вилоят ҳокимлиги молия-иқтисодиёт мажмуаси таркибига кирувчи ташкилот ва идоралар, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, шунингдек, тижорат банклари масъуллари туманда фаолият олиб бораётган корхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Дастлба ҳудуддаги “Bukhara Best Builder” МЧЖда ташкил қилинган қурилиш материаллари ва гигиеник воситалар ишлаб чиқариш лойиҳасига эътибор қаратилди. Хусусий тадбиркорга ажратилган 3 гектар ер майдонида қурилиш-жиҳозлаш ишлари бошланганига 3 йилдан ошган. Мазкур лойиҳа инвестиция қиймати 5 миллиард сўмга тенг бўлиб, шундан 1 миллиард сўм кредит сармояси “Халқ банки” туман филиали, қолгани эса тадбиркор оилавий жамғармасидан сарфланмоқда.
Корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига 5 минг тонна қурилиш материаллари, қуруқ аралашмалар, лак-бўёқ маҳсулотлари, декоратив восита ва тўшамалар, шунингдек, 40 тонна гигиеник воситалар ишлаб чиқариб, харидорларга етказади.
Маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишдан маҳаллий бюджетга бир йилда 21 миллиард сўм маблағ миқдорида улуш қўшиш имконияти яратилмоқда. Ҳозирда “Bukhara Best Builder” МЧЖга зарур технологик линия Хитой давлатидан келтириб ўрнатилган бўлиб, корхонада 12 та иш ўрни яратилган ва ўндан ортиқ оила моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда.
Айни кунда 1007 та хонадон, 1286 та оила ва уларда жами 5 мингдан ортиқ аҳоли вакили истиқомат қилаётган “Ўғлон” маҳалла фуқаролар йиғинида асосий тирикчилик манбаи дала-деҳқончилик ишлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, чорвачилик ва маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари ҳисобланади. Ҳудудда маҳалла номи билан аталадиган фермер хўжалиги асосан пахта ва ғалла етиштиришда катта тажрибага эга бўлиб, қўшимча тармоқларни ўз имкониятини синовдан ўтказмоқда.
Жумладан, хўжаликда ўтган йилдан бошлаб чорвачилик тармоғини ривожлантириш, хусусан, йилқичиликка эътибор қаратиб, “Қорабайир” от зотларини парваришлашга киришилган. Мазкур лойиҳа қиймати 2,5 миллиард сўмга тенг бўлиб, бугунга келиб хўжаликда боқилаётган зотдор от сони 100 бошга етказилган. Шундан 30 бош “Қорабайир” зотига мансуб той олинган.
Муҳими, “Ўғлон” фермер хўжалигида ташкил қилинган янги йилқичилик тармоғи туфайли бугунга келиб 30 тага яқин оиланинг иш билан бандлиги, даромад манбаи таъминланмоқда. Эндиликда бу секторни янада ривожлантириб, туёқ сонини кўпайтириш, маҳсулдорлик билан бирга ўғлонликлар моддий манфаатдорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Ҳудуддаги танишув ва ўрганишлар якунида масъуллар томонидан тадбиркорлар ва улар корхоналари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш, молиялаштириш ва инфратузилмани такомиллаштириш билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, таклиф ва тавсиялар билдирилди. Мулоқотда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ истиқболдаги режалар юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



