Вобкент: "Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида "Судьялар боғи" барпо қилинмоқда
2026-01-03 11:05:00 / Янгиликлар

Айтиш жоизки, кеч куз фаслида туманда жами 578 минг туп атрофида дарахт кўчати ўтқазилиб, парвариш қилинмоқда. Маҳаллий ҳокимлик, прокуратура, тиббиёт бирлашмаси, ёшлар агентлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими ва бошқа ижтимоий соҳа иншоотлари, меҳнат жамоалари ўз ҳудудида уюшқоқлик билан кўчат ўтқазиб, боғ барпо этишга киришган.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда аҳолининг табиатга нисбатан масъулиятини ошириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Шу мақсадда таълим муассасаларида, маҳаллаларда, корхоналарда ва кенг жамоатчилик ўртасида экологик тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида янги йил байрами олдидан Бухоро вилояти суди ташаббуси билан "Судьялар боғи" ташкил этишга киришилди. Ниҳол ўтқазиш ҳашарида вилоят, туманлараро, шаҳар-туманлар судларининг 60 нафардан зиёд судья ва суд ходимлари, туман ҳокимлиги, прокуратураси масъуллари иштирок этдилар.
Кўкаламзорлаштириш ишларида боғдорчиликда илми бор агроном мутахассислар тавсия, кўрсатмалари олиниб, маҳаллий тупроқ ва иқлим шароитига мос мевали ва манзарали дарахт кўчатлари тури, навлари аниқланди. Шу куни тадбирда жами 300 тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчати ўтқазилиб, парваришига эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









