Жондор: “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида “Маҳалла еттилиги боғи” ташкил қилинмоқда
2026-01-03 11:00:00 / Янгиликлар

Худди шундай, халқ табобати учун доривор ўсимликлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бирга хўжаликнинг “Оғар” бўлими Манқуфи аҳоли пунктида ажратилган 5 гектар майдонда тут кўчатхонасини барпо қилиш ҳаракати икки йил бурун бошланган. Якунига етган йил ноябрь ойида икки-уч йиллик парваришдан сўнг бу тут ниҳолларини харидорларга пешма-пеш етказишга киришилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида тумандаги фермер хўжаликларида мавжуд дала майдонлари атрофларига 2 миллион тупга яқин тут кўчати етказиб бериш, ниҳол ўтқазиш, парваришлаш ишлари бормоқда.
Айни янги йил байрами олдидан туман ҳокимлиги ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Маҳалла еттилиги боғи”ни барпо этишга киришилди. Бу эзгу ташаббус ҳудудни янада ободонлаштириш, экологик муҳитни яхшилаш ҳамда аҳоли орасида “яшил маданият”ни ривожлантиришга қаратилган. Ҳозирда 2 гектар майдонга эга боғ ҳудудида 2 минг тупдан ортиқ мевали кўчатлар ўтқазилди. Экилган кўчатлар келгусида нафақат атроф-муҳитни кўркамлаштиради, яшиллаштиради, балки маҳалла аҳолиси учун файз ва барака манбаига айланиши кутилмоқда.
Мазкур кўчат ўтқазиш, боғ яратишдек хайрли ишда туман ҳокимлиги, ҳудуддаги корхона- ташкилотлар раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбир жараёнида ҳамжиҳатлик, бир мақсад сари интилиш ва табиатга бўлган масъулият туйғуси яққол намоён бўлди.
“Маҳалла еттилиги боғи” келгусида Демун маҳалласининг кўркам ва файзли масканларидан бирига айланиб, аҳолининг эмин-эркин ҳордиқ чиқариши, ёш авлодда табиатга меҳр туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









