Қоракўл: Янги йилда туманлараро перенатал маркази биноси фойдаланишга топширилди
2026-01-02 18:10:00 / Янгиликлар
Янги йил байрами муносабати билан Қоракўл туман тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги туманлараро перенатал марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу воқеа туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Очилиш маросимида туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси масъуллари, меҳнат фахрийлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида тўхталиб, сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган саъй-ҳаракат туфайли тиббиёт муассасалари моддий-техник имкониятлари яхшиланаётгани, тиббиёт ходимлари меҳнати муносиб рағбатлантирилаётганини алоҳида таъкидладилар. Бугун яратилаётган қулай иш шароитлари, барпо қилинаётган замонавий тиббиёт муассасалари, ускуна ва жиҳозлар тиббиёт ходимларига давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган доимий эътибор ва қўллаб-қувватлаш самарасидир.
Шундан сўнг янги бино рамзий лентаси қирқилиб, йиғилганлар перенатал марказда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар. Икки қаватли, замонавий талаблар асосида қурилган бино тўлиқ жиҳозланган бўлиб, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради. Иншоот икки қаватдан иборат бўлиб, зарур инвентарлар, тиббий ускуналар билан жиҳозланган.
Марказда 5 та зал, УЗИ хонаси, беморлар махсус хонаси, оғир беморлар учун шок-палата, туғруқ зали, шифокорлар хонаси, 2 та жарроҳлик амалиёти хонаси, ҳар бирида 4 нафардан бемор ўрнига эга 3 та жарроҳлик амалиётидан кейинги хоналар, дори воситалари сақланадиган хоналар ташкил этилган.
Мазкур лойиҳа учун қарийб 4 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, нафақат Қоракўл, балки Олот, Жондор ва бошқа туманлар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган перенатал маркази операция заллари замонавий “Mindray” русумидаги тиббий аппаратлар билан таъминланган. Шунингдек, “Осиё тараққиёт банки” кредити асосида харид қилинган 6 турдаги замонавий тиббий техник воситалар оналар ва чақалоқлар саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








