Қоракўл: янги йилдан "Пойкент"да замонавий поликлиника иш бошламоқда
2025-12-30 20:40:00 / Янгиликлар

Эндиликда аҳоли ана шу шинам бинода ўз саломатлигини тажрибали шифокор ва ҳамширалар ёрдамида тиклаш имконига эга бўлмоқда. Поликлиниканинг янги биносида кенг ва ёруғ хоналар, аёллар, болалар ҳамда кексалар учун алоҳида қабул бўлимлари, шунингдек, стоматология, лаборатория ва кундузги стационар хоналари шай қилинган.
Айни пайтда муассаса кундалик қуввати 100 қатновга мўлжалланган бўлиб, бу ерда 5 турдаги мутахассис, 8 нафар шифокор, 8 нафар патронаж ҳамшираси, жами ўттиздан ошиқ тиббиёт ходими аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Тиббиёт поликлиникаси очилиш маросимида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, тиббиёт ходимлари иштирок этдилар. Таъкидланганидек, айни кунда маҳаллий аҳоли соғлиғи, айниқса, ёшлар, аёллар ва кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни сифатли тиббий хизмат билан таъминлашда тиббиёт поликлиникаси ўрни ва аҳамияти катта.
Шу билан бирга, ҳар бир фуқаронинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши, спорт билан шуғулланиши, тўғри ва соғлом овқатланишига эътибор қаратиши турли касалликлар олдини олишда муҳим саналади. Бу борада муассаса тиббиёт жамоаси бор куч ва имкониятини ишга солади.
Поликлиника рамзий алвон лентаси қирқилгач, йиғилганлар унда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар. Талаб даражасида жиҳозланган тиббиёт поликлиникасининг ишга туширилиши нафақат ҳудуд аҳолисини, балки қўшни ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари учун ҳам қулайлик яратмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








