Вобкент: мусиқа ва санъат мактабининг 50 йиллик юбилейи янги бинода тантана қилинди
2025-12-30 19:20:00 / Янгиликлар

Туманда маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 8-сонли мусиқа ва санъат мактаби педагог жамоасининг ўз тажриба мактаби, муваффақиятлар йўли бор, албатта.
Таълим маскани 1975 йилда ташкил топган бўлиб, айни кунда ўзининг 50 йиллик юбилейини нишонламоқда. Ярим аср давомида бу санъат ва мусиқа даргоҳи ўнлаб, юзлаб ёш истеъдодларни етиштириб чиқарган бўлса, улар йиллар давомида халқимиз бой маданий ва мусиқа меросини авлоддан авлодга етказишда камарбаста бўлмоқдалар. Бугунга келиб даргоҳда 33 нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчи томонидан 275 нафар ўқувчига санъат сирлари пухта ўргатиб келинмоқда.
Янги йил байрами олдидан таълим маскани жамоаси янгидан барпо қилинган 100 ўринли биносига эга бўлди. Иншоот очилиш маросимида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, маданият бўлими масуъллари, мактаб жамоаси ва ёшлар иштирок этишди.
Жорий йилда мусиқа ва санъат мактаби моддий-техник базасини ривожлантириш ва зарур жиҳоз, инвентарлар билан таъминлаш мақсадида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 1,5 миллиард сўм маблағи ҳисобидан 100 ўринли янги бино барпо қилинган бўлса, туман ҳокимлиги ташаббуси билан 70 миллион сўм эвазига моддий техника базаси мустаҳкамланди.
Вилоят ҳокимлиги мабуот хизмати









