Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ раҳбар ва ходимлар тақдирланди
2025-12-30 15:20:00 / Янгиликлар

Йил сарҳисобига назар ташлайдиган бўлсак, ўтаётган йил мамлакатимиз, шу жумладан, Бухоро ва бухороликлар учун тараққиёт, ютуқлар, орзу-умидларга бой, баракали йил бўлди.
Замонавий саноат корхоналари ишга тушди, инфратузилма ва логистика тармоқлари янгиланди, автомобиль ва темир йўллар барпо этилди.
2025 йил дастурлари доирасида жами 477 та объект қурилди, 156 та ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, 96 та мактаб, 21 та мактабгача таълим, 22 та тиббиёт, 12 та спорт ва бошқа объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бухоро шаҳри “Гулчорбоғ” маҳалласи ҳудудида Янги маъмурий марказ, “Шайхон” маҳалласи ҳудудида Бухоро давлат университетининг янги кампусини барпо этиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Қоракўл туманида “Ачаря” университетининг биринчи босқич қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. “Қоракўл” эркин иқтисодий зонасида саноат ипотекаси асосида технопарк ташкил этилмоқда. Бухоро туманида “Янги Ўзбекистон боғи” барпо этилиб, Бухоро шаҳри ва Бухоро тумани аҳолиси учун дам олиш масканлари яратилмоқда.
Аҳолини барқарор даромад манбаига эга қилиш борасидаги ишларимиз натижасида 269 минг нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Камбағаллик даражаси 8,7 фоиздан 3,7 фоизга туширилди.
Албатта, ҳар бир байрам, тантана арафасида соҳадаги илғор ва фаолларни тақдирлаш анъанага айланган. Шунга кўра вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасидаги самарали фаолияти, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ раҳбар ва ходимларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, барчани Янгир йил байрами билан муборакбод этди.
— Янги 2026 йилда ҳам вилоятимиз аҳолисига муносиб турмуш шароитини яратиш, иқтисодиётимизда янги марраларни забт этиш учун улкан дастур ва режаларни тузмоқдамиз. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси диёримизда ҳурматли Президентимизнинг бевосита раҳнамоликларида қарор топган барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик натижасидир,-деди вилоят раҳбари.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди.
Бу эса Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш ишлари давом эттирилади, деганидир.
Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради”.
— Шу билан бирга мамлакатимиз раҳбари ўз Мурожаатномаларида Бухоро вилоятида Ахборот технологиялари соҳасида “Дата марказ”, супер-компьютер ва сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилиши, Бухоро темир йўл вокзали модернизация қилиниши, умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида реконструкция ишлари якунланиши, ботаника ва дендрология боғлари ташкил этилиши каби йирик лойиҳаларни қайд этиб ўтдилар. Шунингдек, янги йилда бизнесни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб қувватлаш, фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгалари, баркамол бўлиб тарбия топишлари учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Мухтасар айтганда, Президентимиз томонларидан илгари сурилган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олижаноб мақсадни барчамиз биргаликда амалга оширамиз,-деди Ботир Зарипов табригида.
Тадбирда ҳокимлик бошқаруви аппарати ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, иқтисодиёт мажмуи, ижтимоий, туризм, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари мажмуи, жамоат ташкилотлари ва сиёсий партиялар раҳбарлари вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси билан тақдирландилар.
Тақдирланганлар орасидан сўз олганлар ўзларига билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида янада жонбозлик билан фаолиятларини давом эттиришларини айтиб ўтишди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









