"Меҳрли мактаб" ўқувчиларига "Президент совғаси" топширилди
2025-12-30 10:10:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Бахтиёр Адилов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод Зойиров, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари “Меҳрли мактаб”даги ўғил-қизларга ҳам Президентимизнинг совғаларини тақдим этиб, болажонларга қувонч ва байрамона кайфият улашилди.
Таъкидлаш лозимки, “Меҳрли мактаб” болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида узоқ муддат даволанаётган болаларнинг таълим жараёнидан узилиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
“Меҳрли мактаб” инфратузилмаси ўзига хос тиббий талабларни ҳисобга олган ҳолда яратилган, мактаб гипоаллерген ускуналар, мебел ва техника билан жиҳозланган. Таълим жараёнида рақамлаштирилган дарсликлардан фойдаланилади.
Муассасада ўқув машғулотлари болаларнинг соғлиғи ҳолати, шифокорлар тавсиялари ҳамда индивидуал эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда олиб борилади.
Мазкур эзгу ташаббус давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлиб, болаларнинг руҳий қўллаб-қувватланиши, билим олишга бўлган қизиқиши ҳамда келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.








