Когон тумани: “Farzona” тўйхонасида 10 нафар болажоннинг суннат тўйи нишонланди
2025-12-29 22:00:00 / Янгиликлар

Когон туманида ҳам янги 2026 йил кириб келиши муносабати билан қатор хайрли тадбирлар ташкил этилмоқда. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири сифатида ҳудудда умргузаронлик қилаётган эҳтиёжманд, ижтимоий муҳофазага олинган оилалар фарзандларидан 10 нафарининг суннат тўйи маросими ташкил қилинди.
“Farzona” тўйхонасида бўлиб ўтган бу хайрли тадбирда турли маҳаллалардан сараланган, оилалари моддий жиҳатдан қийин аҳволда бўлган 10 нафар болажоннинг суннат тўйи бўлиб ўтди. Туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси туман бўлими, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва саховатпеша ҳомий тадбиркорлар томонидан ташкиллаштирилган тўй маросимида болалар учун миллий либослар, эсдалик совғалари тайёрланиб, улар шарафига байрам дастурхони ёзилди.
Суннат тўйи муносабати билан сўзга чиққан туман ҳокимлиги, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари юрт озодлиги, истиқлол туфайли юртимизда тинчлик, барқарорлик ва халқ манфаатини кўзлаган эзгу саъй-ҳаракат изчил давом эттирилаётганини эътироф этдилар. Кўпни кўрган отахону онахонлар болажонларга ўзларининг эзгу тилакларини изҳор қилишиб, дуога қўл очдилар.
Миллий урф-одат ва анъаналаримизга мувофиқ ташкил этилган суннат тўйида болажонларга саруполар, шунингдек, велосипед ва янги йил совғалари топширилди. Албатта, бу каби инсонпарварлик ташаббуси халқимиз ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, фарзандларимизни Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Тўй тадбирида хушовоз хонандалар чиқишлари, болалар учун ўйин-кулги, шўх томошалар, концерт дастури ташкиллаштирилгани барчага байрамона кайфият, даврага файз улашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









