Байрам туҳфаси: Бухорода яна бир замонавий гастрономик кўча фаолияти йўлга қўйилди
2025-12-29 21:00:00 / Янгиликлар

Қайд этиш лозимки, вилоят прокуратураси томонидан амалга оширилган хайрли ташаббус учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 7,2 млрд сўм ҳамда тадбиркор ва ташаббускор ҳомийлар ҳисобидан 8,7 млрд сўм сарфланди. Лойиҳа доирасида ушбу кўчада 90 га яқин тадбиркорлик субъектлари фаолияти кенгайтирилгани нафақат маҳалла, балки шаҳарнинг иқтисодий имкониятларини ривожлантиришга туртки бўлди. Тадбиркорлик биноларининг биринчи қаватида турли хил кафелар, ресторанлар ва стрит-фуд (кўча таомлари) шахобчалари фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур ташаббус нафақат иқтисодий фаолликни ошириш, балки Бухоронинг бой маданий ва гастрономик меросини янада кенг тарғиб этишга хизмат қилади. Янги гастрономик кўча бугунги кунда шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар учун қувноқ дам олиш, оилавий ҳордиқ чиқариш учун севимли масканига айланмоқда.
Шунингдек, ҳудуддаги, 1,6 км йўлаклар бордюрлаштирилди, 1,6 км кабеллаштириш ишлари бажарилди, шунингдек, кўча чироқлари ўрнатилди, ичимлик ва иссиқлик суви қувурлари янгиланди, пиёдалар йўлаги бетонлаштирилди, ҳудудда манзалари дарахт ва гул кўчатлари экилди.
Мазкур кўчанинг рамзий очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларини Янги йил байрами ва унга ҳамоҳанг иш бошлаётган гастрономик кўча очилиши билан қутлади.
Вилоят раҳбари ўз нутқида бевосита давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, одамларнинг ҳаёт фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини мамнуният билан таъкидлади.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси бу борада эртанги марраларни аниқ белгилаб берадиган тарихий-сиёсий ҳужжат бўлганлигини эътироф этди.
2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши — бу жамиятни қуйи бўғиндан бошлаб мустаҳкамлашга қаратилган узоқни кўзлаган стратегик қарордир. Зеро, маҳалла шунчаки жамият бошқарувининг қуйи тизими бўлибгина қолмай, асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб келаётган халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани ҳамдир.
Шу нуқтаи назардан, янги йил дастурида юртимиздаги маҳаллаларни, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топиши урғуланди. Келгуси йилдан эса маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади.
Ботир Зарипов 24/7 иш режимида фаолият кўрсатаётган гастрономик кўчалар шаҳарнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Шу муносабат билан ҳар бир шаҳар ва туман марказларида шундай намунавий кўчаларни ташкил этиш, маҳаллий ҳунармандчилик, миллий таомлар ҳамда замонавий сервис хизматларини бирлаштирган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар бошланиши айтиб ўтилди.
Шундан сўнг кўчада яратилган шарт-шароитлар, тадбиркорлар учун берилган имкониятлар ва инфратузилма билан яна бир бор танишилди.
Тадбирда байрамона концерт дастури намойиш этилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









