Байрам туҳфаси: Бухорода мамлакатдаги тўртинчи замонавий қиличбозлик маркази очилди
2025-12-29 16:35:00 / Янгиликлар

Умумий қиймати 2,2 миллиард сўмни ташкил этган ушбу лойиҳа доирасида 20x40 метр ўлчамдаги, барча зарурий инфратузилма билан таъминланган замонавий спорт мажмуаси барпо этилди.
Машғулотлар ўтиш учун қиличбозлар учун 8 та махсус йўлакча ўрнатилди ва жиҳозланди. Умуман, мазкур спорт залида спортчилар учун зарур барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилди. Бу эса уларнинг профессионал даражада шуғулланишига кенг имконият очиб берди.
Иншоотнинг тантанали очилиш маросимида сўз олганлар қиличбозлик каби ноёб ва интеллектуал спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли ёшларни саралаб олиш ва профессионал спортчиларни тайёрлашда ушбу зал муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди. Бу жой янги иқтидорлар, Осиё, жаҳон ва Олимпия чемпионларини етиштириб чиқариш базасига айланишига ишонч билдирилди.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунга қадар мамлакатимизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган қиличбозлик спорти саройи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳрида ва Андижон вилоятида фаолият кўрсатар эди. Бухородаги марказ эса тўртинчи қиличбозлик маркази сифатида фаолият бошлагани билан ҳам аҳамиятлидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






