“Жонгелди”да ҳам байрамона кайфият ҳукмрон
2025-12-28 22:50:00 / Янгиликлар

“Жонгелди”да яшовчи маҳаллий аҳоли вакиллари учун ҳозирда 3 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 10 ўринга мўлжалланган замонавий қишлоқ участка касалхонаси, ижтимоий дорихона фаолият кўрсатмоқда. “Жонгелди”даги 24-сонли умумтаълим мактабида 85 нафар, “Сафрон”даги 27-сонли таълим даргоҳида 40 нафар, “Қалъа Ота”даги 25-сонли мактабда эса 27 нафар ўқувчи ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Ўндан ортиқ тиббиёт ходими хизмат кўрсатаётган “Жонгелди” қишлоқ участкаси ва унинг 2 та ҳудуддаги шахобчасида аҳоли саломатлигига жиддий эътибор қаратилмоқда. 50 нафардан ортиқ болажонни ўз бағрига олган 33-сонли мактабгача таълим ташкилотининг “Сафрон” ва “Қалъа Ота”да ҳам филиаллари бор.
Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар “Жонгелди” овулида ҳам бўлишиб, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси, ижтимоий соҳа иншоотлари фаолияти, моддий техник имкониятлар, қолаверса, ҳудуд инфратузилмасига доир лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Айтиш жоизки, чўлқуварлар овулидагилар учун кейинги йилларда зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари шай қилиниб, электр энергияси, йўл, иссиқлик тизими, истеъмолга яроқли тоза ичимлик суви, суюлтирилган газ таъминоти, сувоқава тармоғини қуриш ва талаб даражасида таъминлаш ишлари бажарилди. Мавжуд муассасалар таъмирланди. Замонавий болалар мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари барпо этилиб, аҳолининг кундалик зарурий эҳтиёжлари қондирилмоқда. Албатта, овулда бўлаётган бу каби ўзгариш ва янгиланишлар чўлқувар юртдошларимиз оилалари моддий манфаатдорлиги ва турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Биргина мисол, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини олсак, овул поликлиникасини қуриш ва жиҳозлашга бюджет ҳисобидан 3,8 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, замон талабига жавоб берадиган иншоотнинг муҳандислик–коммуникация тармоғи, яъни, муқобил иситиш қозонхонаси, электр энергияси ва тоза сув таъминоти шай ҳолга келтирилган.
Ботир Зарипов овулдаги аҳоли турмуш тарзи, мактаблар, тиббиёт муассасалари, болалар боғчалари моддий-техник имкониятлари, “маҳалла еттилиги” фаолияти, аҳолининг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратди.
Мутасаддилар ҳудуддаги 27-сонли мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, бу ерда тарбияланаётган болажонларнинг байрам дастурида иштирок этишди.
Шунингдек, муассаса фаолияти, унинг моддий-техник имконияти, энергия–иссиқлик таъминоти яқиндан ўрганилди. 24-умумтаълим мактабида ҳудуд аҳолиси ва ёшлар учун байрам дастури ташкил этилди. Ўқувчиларга Янги йил совғалари улашилди.
Шу куни ҳуду аҳолиси учун арзонлаштирилган савдо ярмаркалари, вилоятнинг энг малакали мутахассислари иштирокида тиббий кўрик ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








