Анъана давом этади: Олис овулларда яшаётган юртдошларимиз ҳолидан хабар олинди
2025-12-28 22:05:00 / Янгиликлар

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни мазкур манзилларда истиқомат қилаётган қардошларимиз қай даражада ҳис қилишмоқда? Ҳар йилги анъанага мувофиқ, айни янги йил байрами арафасида вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар чўл бағрида умргузаронлик қилаётган юртдошларимизни йўқлаб боришиб, улар ҳолидан хабар олдилар.
Дастлабки манзил “Қизилравот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 38-умумтаълим мактаби бўлди. 100 ўринли мазкур муассаса 1984 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда 54 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Таълим қозоқ тилида олиб бориладиган муассасада бугунги кунда 20 нафар педагог фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, бу ерда 10 ўринга эга болалар боғчаси ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Вилоят раҳбари мактаб раҳбарияти ва тизим масъуллари билан суҳбатлашиб, мавжуд муаммолар билан қизиқди. Уларни ҳал қилиш бўйича вазфалар белгиланди.
Айни кунда Қизилқум ва Гугуртли аҳоли массивлари билан қўшиб ҳисоблаганда, “Қизилравот”да бугун 135 та хонадонда аксари қозоқ миллатига мансуб 800 га яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.
Узоққа бормайлик, бугунги “Қизилравот” ўн йил бурунгисидан кескин фарқ қилади.
Буни овул аҳолиси турмуш тарзида яққол кўриш мумкин. Масалан, “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, яроқсиз электр тармоқлари ҳамда трансформаторларини, симёғочларини бетон устунга янгилаш, йўл қурилиши каби ишлар бажарилиб, ҳудуд қиёфаси ўзгарди. Давлат дастури доирасида ҳудудда Қизилравот ҳамда Қизилқум қишлоқлари ички кўчалари асфальт қилинди. Электр таъминоти яхшиланиб, трансформаторлар янгиланди. Мавжуд 12 та кўчага ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Айнан “Обод қишлоқ” Давлат дастури ижроси доирасида олис ва чекка манзилда яшаб, умргузаронлик қилаётган аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида 320 ўринли 39-умумтаълим мактаби 1 миллиард 223 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига таъмирдан чиқарилиб, замонавий қиёфага кирди. Бу ерда таълим-тарбия олаётган ёшлар замонавий шарт-шароит яратилди. Муассаса етарли китоб фонди, замонавий кўргазмали воситалар, компьютерлар билан таъминлангани мақсадга мувофиқдир.
Аҳолининг сифатли тиббий хизматга бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадида кунлик 10 нафар бемор қатновига мўлжалланган “Қизилравот” қишлоқ врачлик пункти 50 бемор қатновига мослаб янгиланди. Унинг “Қизилқум” ва “Гугуртли” амбулатор пунктлари рисоладагидек кўринишга келтирилиб, зарур ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, овулда инвестиция дастури асосида 31-давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилди. 60 ўринли ташкилотда 4 та (2 та тўлиқ кунли, 2 та қисқа муддатли) гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Қисқа гуруҳларнинг биттаси 38-умумтаълим мактаби биносида, биттаси Гугуртли ҳудудидаги харбий қисмда жойлашган. 47 нафар болажон тарбияланаётган ташкилотда 8 та педагог 10 та техник ходим фаолият олиб бормоқда.
Ботир Зарипов дастлаб мазкур муассасада бўлиб, тарбияланувчиларни мактаб таълимига тайёрлаш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш борасида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. “Маҳалла еттилиги” билан суҳбатлашиб, мавжуд муаммоларни ўрганди. Уларни ҳал қилиш юзасидан вазифалар белгиланди.
Шундан сўнг вилоят раҳбари Маҳалла фуқаролар йиғини, 39-умумтаълим мактаби ва шифокорлик пунктини кўздан кечирди. Аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, уларнинг кундалик ҳаёт тарзи қандай кечаётгани ҳақида сўради. Одамларнинг ташвишга солаётган муаммолар билан қизиқди.
Шу куни қизилравотликлар учун арзонлаштирилган савдо ярмарокалари ҳам ташкил этилди. Мутасаддилар ҳудуддаги кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан ҳам хабар олишди. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва янги йил совғалари улашилди. Беморларнинг аҳволини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









