Қоракўлда 12 нафар болажоннинг суннат тўйи нишонланди
2025-12-27 22:30:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан, Қоракўл туманида ҳам янги 2026 йил кириб келиши муносабати билан қатор хайрли тадбирлар ташкил этилмоқда. Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири сифатида ҳудудда умргузаронлик қилаётган эҳтиёжманд, ижтимоий муҳофазага олинган оилалар фарзандларидан 12 нафарининг суннат тўйи маросими ташкил қилинди.
“Инсон қадри учун” эзгу тамойилининг амалий ифодаси сифатида чекка тумани марказидаги “Muhabbat qasri” тантаналар мажмуаси 12 нафар жажжи ўғилнинг суннат тўйи тантанасига мезбонлик қилди. Бу хайрли тадбир болажонлар ва уларнинг оилалари учун унутилмас қувончли онларга бой бўлди.
Тантанада сўзга чиққан туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими мутасаддилари, саховатпеша тадбиркорлар тўйболалар ва улар яқинларини самимий муборакбод этиб, кичкинтойлар соғлом, билимли ва баркамол бўлиб улғайиб, келгусида Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қиладиган муносиб фарзандлар бўлиб вояга етишларига катта ишонч билдирдилар.
Тадбир давомида тўй болаларининг ҳар бирига бош-оёқ сарупо, велосипед ҳамда янги йил совғалари топширилди. Бу эса жажжи болажонларнинг юзларида қувонч, қалбларида эса чексиз шодлик уйғотди. Шунингдек, тадбирда иштирок этган кекса, нуроний отахон ва онахонларимиз эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, фаровон ҳаёт, баркамол авлод вакиллари — эртамиз эгаларига бахт-саодат тилаб дуога қўл очдилар.
Тантанада хушовоз хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар, жозибали рақслар, қорбобо ва қорқизнинг Янгги йил совғалари байрамона кайфиятни янада кўтариб, болажонлар қалбига завқ-шавқ бағишлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









