Хитойга хизмат сафарида қиймати 200 миллион АҚШ долларига тенг келишувларга эришилди
2025-12-23 18:50:00 / Янгиликлар

Мазкур хизмат сафари самарали кечди ва Хитойнинг хусусий корхоналари ва йирик компаниялари раҳбарияти билан қатор учрашувлар ўтказилиб, сармоявий келишувларга эришилди.
Жумладан, Шинжон-Урумчи провинцияси Шаван шаҳридаги “Shavan Country Daquan Township Changfeng Plastic Factory Co., Ltd.” компанияси фаолияти билан тўлиқ танишилди. Компания раҳбариятига Бухоро туманининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлари таништирилди. Компания вакиллари 2026 йил январь ойида Бухоро туманига келиб, амалдаги қонун талабларига мувофиқ юридик шахсни рўйхатдан ўтказиб, дастлабки босқичда қишлоқ хўжалиги тармоғида 6 минг гектар ерни ўзлаштириб, серҳосил навларга хос пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича 50 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, хорижий компания ўз фаолиятини тўлиқ ва самарали ташкил қилиш учун зарур бўлган барча тармоқ йўналишларида жами қиймати 35 миллион АҚШ долларига тенг сармоя киритиши кутилмоқда. Бу аграр соҳада томчилаб суғориш ускуналарини шу ерда ишлаб чиқариш, пластмас қувур ва полиэтилен ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш ва техник хизмат кўрсатишни ташкил қилиш каби лойиҳалар.
Ҳудди шу йўналишда Шинжон-Урумчи провинциясида фаолият кўрсатувчи йирик корхоналардан бири, “Changzhou Huayi Suspended Floor Co., Ltd.” туманнинг ўн минг гектар нообод ерларини ўзлаштириб, пахта етиштириш ва қайта ишлаш бўйича 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳани амалга ошириш ниятини билдирди. 2026 йилнинг 25 январида компания асосчилари Сун Юнхиа, Зҳанг Миао ва Ху Е Фан Бухоро туманига келиб, лойиҳа юзасидан амалий ишни бошлашларини маълум қилишди.
Шу билан бирга, Шинжон-Урумчи савдо-саноат палатаси вакиллари билан расман учрашув доирасида савдо-иқтисодий, технологик ва маданий-гуманитар соҳаларда стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хитойнинг Пекин шаҳрида “China-Europe Association for Technical and Economic Corperation” ташкилоти томонидан 18–19 декабрь кунлари “Industry Going Global Working Committee” мавзусида форум ташкил этилиб, 30 дан ортиқ Хитой компанияси иштирок этди ва “B 2 B” ҳамда “G 2 B” форматдаги учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, Бухоро туманида фаолият юритувчи “Политех прогресс” МЧЖ раҳбари Пекин¬да турли соҳаларда фаолият юритадиган “SCO Commodity Trade Group Co., Ltd.” ташкилоти билан ҳамкорликда қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган турли хил шиша буюмлар ишлаб чиқариш ва қиймати 6 миллион АҚШ доллари бўлган капронли қоплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришди.
Хитой Халқ Республикаси Шанхай провинциясида қурилиш соҳасида фаолият юритувчи, мамлакат бўйлаб 20 дан ортиқ саноат зоналарини барпо қилган “Shanghai Pinqi Construction Engineering Co., Ltd.”, “Shanghai Jun Trading Co., Ltd.” компаниялари раҳбари жаноб Сонг Лин Феий билан учрашувда Бухоро туманида амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар муҳокама қилинди. Чет эл делегацияси раҳбари 2026 йил февраль ойида ўз таклиф лойиҳалари билан Бухоро туманига келишини билдирди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









