Пешку: “Валфажир”да ногиронлиги бўлган болалар учун махсус марказ иш бошлади
2025-12-20 16:45:00 / Янгиликлар

Пешку тумани чекка қишлоғида шу йил июль ойидан иш бошлаган давлат-хусусий шериклик тамойили асосидаги таълим маскани кундузги 36 ўринга мўлжалланган. "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими ташаббуси билан ташкил этилган бу маскан ҳозирда 16 нафар ногиронлиги бўлган ўсмир болага малакали хизмат кўрсатмоқда. Марказ болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши ва оилаларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли. Бунда кўрсатилаётган хизматларга тўхталсак. ногиронлиги бўлган болалар учун бепул автомобил хизмати, болаларни уйидан марказга ва қайтиб олиб келиш учун махсус транспорт хизмати, талаб даражасида уч маҳал овқатлантириш шулар жумласидан.
Бундан ташқари, марказда болаларнинг ёши ва имкониятларига мос равишда индивидуал ва гуруҳли таълим дастурлари, нутқида нуқсони бор болалар учун малакали логопедлар индивидуал машғулотлари, жисмоний тарбиялаш хизматлари, ҳаракат фаоллигини ошириш учун махсус машқ ва ўйинлар ташкиллаштирилади.
Эътиборлиси, марказ алоҳида тоифадаги, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларни қабул қилади. Улар болалар церебрал фалажи, енгил даражадаги, мўътадил, оғир ва чуқур даражадаги ақлий заифлик тиббий ташхиси қўйилган, кўр-кар-соқовлик ташхиси бўлган болалардир.
Ҳукуматимиз кўмагидаги мазкур марказ ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оилалари учун таянч бўлиб, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, қобилиятларини ривожлантириши ва ота-оналар зиммасидаги юкини енгиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



