Қоракўл: Иброҳим Азимов ҳам қўзиқорин, ҳам иссиқхонада маҳсулот етиштирмоқда
2025-12-19 19:50:00 / Янгиликлар

— Ҳокимнинг маҳалламиздаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида “Халқ банки” туман филиалидан имтиёзли тартибда 33 миллион сўм кредит маблағини олиб, эвазига хонадонимизда қўзиқорин етиштиришни йўлга қўйдик. Ҳозирда қўзиқориннинг “вешенка” навидан етиштиряпмиз, — дейди Иброҳим Азимов. — Бу нав жуда фойдали ва оқсилга бой бўлиб, бозорда харидорлари ҳам кўп. Бир ойда тўлиқ пишиб етиладиган бу қўзиқорин уруғини икки килограмли шелуха солинган қопга жойлаб парваришланса, бир ойдан сўнг шу қопчадан 10 килограмгача ҳосил олиш мумкин. Афзаллик томони, уни йил давомида етиштириб, даромад олса бўлади, мавсум танламайди.
Азимовлар оила аъзолари 5 метрга 3,5 метр ўлчамдаги хонага пештахталар ўрнатиб, уларга терилган полиэтилен қопчаларда қўзиқорин етиштиришни бошлашган. Тансиқ маҳсулот сифатида айни пайтда қўзиқориннинг бир килограми нархи бозорларимизда ўртача 40 минг сўм атрофида бўлса, бундан Иброҳим Азимовнинг эришаётган даромадини чамалаш қийин эмас.
Қоронғи ва салқин хонада етиштирилаётган, полиэтилен қопчаларни ёриб чиқиб бўй кўрсатаётган қўзиқориндан бир йилги мавсумда ўртача 4-5 марта ҳосил етиштириш, бундан меҳнатга яраша фойда кўриш мумкин. Ярим сотихда бошланган “veshenka” ёки ”shampinyon” навига мансуб қўзиқорин етиштиришдан хомаки мўлжалга биноан 30 миллион сўмга етказиб даромад олиш имконияти аллақачон тажрибада синалган. Айни янги йил байрами олдидан ўзгача услубда, қайта ишланган чигит шелухасида етиштирилаётган харидорбоп қўзиқоринга талаб ҳам юқори.
Бундан ташқари, Иброҳим ака томорқа ерида пешма-пеш ҳосил етиштириб, иссиқхона ҳам ташкил қилган. Фарзандлари кўмагида бу ерда помидор, бодринг, булғор қалампири, саримсоқпиёз ва турли кўкатлар етиштиришни йўлга қўйган. Ўтган йилги мавсумда майдони 16 сотихдан иборат иссиқхонасидан икки марта ҳосил олган, моддий манфаатдорликни эса қарийб 300 миллион сўмга етказган.
Иброҳим Азимовнинг кўп йиллик иш тажрибасидан хулоса қилинса, ҳар бир хонадон ёки уй хўжалигида юқоридаги каби ҳалол меҳнат қилиб, дароомадга етишиш мумкин. Ҳар бир қарич ерга меҳр билан ёндашиб, қўзиқорин, помидор, бодринг етиштириш орқали нафақат ўз хонадони, балки маҳалладошлари дастурхонини таъминлашга ҳисса қўшиш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









