Пешку: “Навгаҳон”да ун ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
2025-12-19 19:45:00 / Янгиликлар

“Навгаҳон” маҳалла фуқаролар йиғинида донни қайта ишлаш корхонаси, замонавий тегирмон ишга тушганига яқинда икки ой тўлади. “Камола Руслан омад” деб номланган мазкур масъулияти чекланган жамияти унинг ташаббускори Раҳматулло Жамоловнинг бир неча йиллик меҳнати маҳсули, бизнес лойиҳаси.
Маҳаллий тадбиркор дастлаб оила аъзолари билан биргаликда қишлоқда ташландиқ ётган ер майдонидан аукцион тартибида қарийб ярим гектар, яъни 46 сотих ерни ўз тасарруфига олиб, бу майдонни ободонлаштириб, омбор ва цех қурилишини бошлаган. Бунинг учун умумий қиймати 2,5 миллиард сўм атрофида сармоя сарфланган бўлса, шундан 400 миллион сўми “Алоқабанк” туман филиали имтиёзли кредит маблағи.
Юқори маҳсулдор Хитой технологияси, замонавий русумдаги тегирмон билан жиҳозланган корхонада бир ойда 400 тоннагача, бир йилда 4000 тонна атрофида буғдойни қайта ишлаш, ун сифатида қадоқлаш имконияти яратилган. Айни кунда 6 нафар ишчисига эга корхона томонидан бир ойда 2 миллиард сўм, бир йилда эса 20 миллиард сўм моддий қийматидаги, 1-навли ун маҳсулоти аҳоли дастурхонига етказилмоқда. Тегирмон ишчи-мутахассисларига эса 4-5 миллион сўмдан ойлик маош тайинланган.
“Камола Руслан омад” МЧЖ нинг “Barkamol” ёрлиғи билан қадоқланаётган ун маҳсулоти маҳаллий хом ашё асосида ишлаб чиқарилиб, Пешкў ва қўшни туманлардаги фермер хўжаликларида етиштирилган сара буғдой маҳсули ҳисобланади. Бунда ишлаб чиқариш жараёни ва тайёрланаётган маҳсулот сифати санитария-гигиена талабларига тўла жавоб беради.
Қолаверса, замонавий тегирмондан ҳар ойда чиқаётган 100 тоннадан ошиқ кепак маҳсулоти ҳудудда чорвачилик билан шуғулланаётган хўжалик ва аҳоли хонадонларига етказилмоқда.
Шу кунларда тадбиркор Раҳматулло Жамолов ишлаб чиқариш ва маҳсулдорликни ошириш, маҳаллий хом ашё билан бирга, Қозоғистон республикасидан буғдой киритиш, ички бозорда импортга бўлган талабни қисқартириш, аҳолига сифатли ва рақобатбардош ун етказиб бериш ҳаракатида.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






