Қоракўл: Руслан Шаҳриев автомобилларга ғилоф, тўшамалар тикиш цехини юритмоқда
2025-12-19 14:25:00 / Янгиликлар

Руслан Шаҳриев кўпдан буён ўйлаб юрган режасини амалга ошириш учун ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида тижорат банкидан 33 миллион сўм кредит маблағини олиб, автомобиллар учун ғилоф ва тўшамалар тайёрлаш фаолиятини йўлга қўйганига кўп бўлмади. Аммо кундалик иш тиғизлиги, буюртмалари сони ошиб бораётгани бу ташаббусни “оқламоқда”. Тикиб тайёрланаётган ғилоф, тўшамалар бежирим, пишиқлиги билан харидорлар эътиборини қозониб, меҳнатга яраша барқарор даромад манбаига айланди. Биргина цехнинг бир ойлик моддий манфаатдорлиги 30 миллион сўмдан ошмоқда.
Ёш уста йигит тадбиркорлиги фақат шунда эмас, эскирган мебелларни таъмирлаш, уларни замонавий дизайн асосида янгилаб бериш хизмати ҳам кўрсатиб келмоқда. Эътиборлиси, Руслан Шаҳриев ўз тажрибасини ёшлар билан баҳам кўриб, ҳозирда 4 нафар ёшни “устоз-шогирд” анъанаси асосида касб-ҳунарли қилмоқда. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, келгусида манфаатли меҳнат фаолиятини бошлашлари учун бу қулай имконият, албатта. Қолаверса, бугун бозор талаб ва таклифи асосида меҳнат қилаётган тадбиркорлар ҳар жиҳатдан муваффақиятга эришаётганини айнан Руслан Шаҳриев оилавий тадбиркорлиги мисолида яққол кўриш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




