Когон: келгуси йил ҳосили учун 9 минг гектар ер майдони чуқур шудгор қилинмоқда
2025-12-17 19:20:00 / Янгиликлар

Бу борада Когон туманидаги фермер хўжаликлари, агрокластер корхоналари тасарруфида бўлган, умумий узунлиги 700 километрдан иборат ички тармоқ ариқлари сув ўтказувчанлигини яхшилаш, ўзанларни бетонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, ер унумдорлигини ошириш, эрта баҳорги экин мавсумига пухта тайёргарлик кўриш доирасида чуқур шудгорлаш ишлари ҳам алоҳида диққат-эътиборда.
Якунланаётган йилда когонлик пахтакор миришкорлар, туманда пахтачиликка ихтисослашган 6 минг 400 гектар майдонда маҳаллий ва хорижий навлар экилиб, баракали ҳосил етиштирилди. Фермер хўжаликлари таъминотчи-буюртмачи сифатида “Buxoro agroklaster” va “Bahor Chenj” пахта-тўқимачилик кластерлари билан ҳосил етиштиришга доир тузган шартномаларига мувофиқ, “оқ олтин” хирмонига 26 минг тоннадан ортиқ қимматбаҳо саноат хом ашёси тайёрлаб топширилгани катта ютуқ, албатта. Эндиликда бор куч ва имконият келгуси йил ҳосили учун пухта тараддуд кўриш, экин ерини чуқур шудгорлашга қаратилган.
Мазкур ишларни сифатли ва ўз муддатида бажариш учун туманда 42 та замонавий, юқори унумдор қишлоқ хўжалиги техникалари жалб этилди. Ҳисоб-китобга кўра, жорий мавсумда жами 9 минг гектар ер майдонини чуқур шудгор қилиш ишлари жадал бошланган бўлиб, айни кунга қадар 7 минг 580 гектар ер майдони шудгор қилиниб, бу борадаги ишнинг асосий қисми бажарилган.
Мутахассислар фикрича, чуқур шудгорлаш тупроқ мелиоратив ҳолатини яхшилаш, намликни сақлаш, бегона ўтлар ва зарарли ҳашаротларга қарши курашиш, минерал ўғитлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Келгуси вегетация даврида экиннинг соғлом ривожланиб, ҳосилдорлик ошишида қишки агротехник тадбирларнинг ўрни беқиёс. Айни пайтда туманнинг барча ҳудудида агротехник тадбир, чуқур шудгорлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







