Ботир Зариповга “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони берилди
2025-12-16 21:25:00 / Янгиликлар

Вилоятда мактабларни моддий-техник базасини яхшилаш, уларда замонавий таълим олиш учун шароитларни яратиш, мактаблар спорт залларини зарурий спорт инвентарлари, тиббиёт хоналари, компьютер техникалари билан таъминлаш доимий тарзда амалга оширилмоқда.
Биргина жорий йилнинг ўзида вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги 99 та мактабгача ва 201 та мактаб, жами 300 та таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди. Ушбу ишлар учун жами 1 триллион 200 млрд. сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида мактабгача таълим тизими учун 8 000 та, мактаб таълими учун 24 000 тага яқин бола ва ўқувчи ўринлари яратилди.
Хусусан, ссуда механизми асосида 81,9 млрд сўм маблағ ҳисобига 25 та болалар боғчаси, 14 та мактабда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Айниқса, болалар боғчаси умуман мавжуд бўлмаган 15 та маҳаллада 120-240 ўринли болалар боғчаси, спорт залига эга бўлмаган 10 та мактабда спорт заллари қуриб фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари, таълим муассасаларини инклюзив таълим муҳитига тайёрлаш, таълим муассасаларида кузатув камераларни ўрнатиш, мактабларнинг чақирувга қадар синф хоналарини тайёрлаш, «Жасорат мактаб»ларини ташкил этиш каби ишлар учун маҳаллий бюджетдан 2 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Таълим муассасаларини қурилиш-таъмирлаш ҳамда уларнинг инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ишлардан ташқари, иқтидорли ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг салмоғини ошириш, бу борада фидоийлик кўрсатаётган устоз-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш, уларни хорижий давлатларда малакасини ошириш борасида ҳам маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан биргина жорий йилнинг ўзида 1,2 млрд. сўм маблағ йўналтирилганлигини таъкидлаш лозим.
Бухоро вилоятида таълимга қаратилаётган ушбу юксак эътибор натижасини бухоролик ўқувчиларнинг республика ва халқаро фан олимпиядаларида қўлга киритаётган ютуқларида кўришимиз мумкин.
Мисол учун, 2025 йилда ўтказилган халқаро фан олимпиядаларида 34 нафар ўқувчилар ғолиб ва совриндорликни қўлга киритиб, ўтган йилга нисбатан 12 нафарга кўпайган.
Шунингдек, жорий йилда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига киришда ўртача 96,4 балл билан республикада пешқадам ҳисобланади.
Шуларни инобатга олиб, вилоят ҳокими таълим соҳаси ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Азизбек Турдиев сўзга чиқиб, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов томонидан таълим соҳасига қаратилган эътибор, хусусан, маҳаллий ҳокимлик маблағлари ҳисобидан умумтаълим мактабларида амалга оширилган ишлардаги ташаббуси ва хизматларини алоҳида эътироф этди.
Ўз навбатида Ботир Зарипов берилган эътибордан руҳланиб, бундан буён ҳам ёшларимизнинг таълим-тарбияси йўлидаги беминнат хизматларини давом эттиришини, бу борада давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар оғишмай иш тутишини билдирди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









