Қоракўл: “Чандиробод”да маҳалла боғи барпо қилинмоқда
2025-12-16 09:30:00 / Янгиликлар

Қоракўл туманида ҳам кўчат экиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Маҳаллаларнинг қиёфасини ўзгартириш, экологик муҳитни яхшилаш ва яшил ҳудудлар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Туманнинг Чандиробод маҳалласида 22 гектарлик майдон тўлиқ тозаланди, тайёрланди ва “Маҳалла боғи” ташкил этиш учун дарахт ниҳоллари ўтқазилиб, кенг кўламдаги амалий ишлар жадал олиб борилмоқда.
Олдин ташландиқ, қаровсиз бўлиб ётган мазкур майдон аввал бегона ўт, хас-хашакдан тозаланди, ер чуқур шудгор қилинди, керакли минерал ўғитлар билан бойитилди. Йиллар давомида фойдаланилмаган бўш ер бугун ҳақиқий боғ яратиш учун тайёр ҳолга келтирилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Жалол Арашов, туман ҳокимлиги масъуллари, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
– Кўчат экиб боғ яратиш, табиатни асраб-авайлаш халқимизнинг минг йиллардан бери давом этиб келаётган қадриятидир. Аждодларимиз янги туғилган фарзандга атаб, унинг исми билан дарахт қадаб қўйган. Фарзанд ҳам, дарахт ҳам бирга камол топган. Биз ҳам шу анъанани давом эттириб, бугунги авлодга яшил, соғлом ва обод муҳит қолдиришимиз ҳам қарз, ҳам фарздир, —дейди туман ҳокими Хуршид Тохиров.
Умуман, жорий йилда чекка туманда 1 миллион 228 минг дона мевали ва манзарали кўчат ўтқазиш мақсад қилинган бўлиб, бугунга келиб бу режа 70 фоиздан ошди. Бугун Чандирободда “Маҳалла боғи” барпо этишга киришилгани ҳудуднинг янада кўркам бўлиши, яшил ҳудуд сони ортиши ва экологик барқарорликнинг мустаҳкамланишига сезиларли ҳисса қўшмоқда.
—Бугун ёшларга боғ яратиш сирларини ўргатиб, кўчат ўтқазишда бирга қатнашаётганимиз жуда қувончли. Кун келиб бугун парвариши бошланган ниҳоллар соясида қишлоқдошларимиз дам олиб, бизни дуо қилишади,—дейди шу ерлик меҳнат фахрийси Меҳмонқул Авезов.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






