Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – “Ҳосил байрами” Ромитанда ҳам муносиб нишонланди
2025-12-12 21:30:00 / Янгиликлар
Мана, яна бир йилимиз якунига етмоқда. Қиш фасли бўлишига қарамасдан, далада деҳқон ҳали тингани йўқ. Унинг тўрт фаслга мос меҳнати, зиммасидаги юмуши, масъулияти бор. Мазкур ҳафтада юртимизда 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги шодиёналари билан бирга, декабрь ойининг иккинчи якшанбасида “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” ва анъанавий “Ҳосил байрами” кенг нишонланмоқда.

Жумладан, Ромитан туманида ҳам эрта тонгдан “Sherdor” тантаналар саройида аграр соҳа заҳматкашлари касб байрами муносабати билан “Ҳосил тўйи” бўлиб ўтди.
Тантанада эътироф қилинганидек, жорий йил туман қишлоқ хўжалиги барча тармоқларида юқори ҳосилдорликка эришилди. Жумладан, 9300 гектар майдонда саноат учун қимматбаҳо хом ашё—46 минг тоннадан кўпроқ пахта ҳосили етиштирилди. Бу ҳосилни тез суръатда ва сифатли саранжомлаб олиш мақсадида 255 та терим отряди шакллантирилиб, уларга 16 мингдан ошиқ ҳашарчи-теримчи жалб қилингани ўз самарасини берди.
Ғаллачиликда ҳам ромитанлик деҳқон миришкорларнинг кўп йиллик тажриба мактаби шаклланган. Шу йил ҳудуддаги 382 та фермер хўжалиги томонидан серҳосил навларга мансуб, умумий ҳисобда 19,5 тоннага етказиб сара ғалла хирмони яратилди. Бу жабҳада ялпи ҳосилдорлик 80 центнердан оширилгани катта ютуқ, албатта.
“Ҳосил тўйи” тадбирида сўз олган вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Асқад Жаводов аграр тармоқда эришилаётган улкан ютуқларга муносиб ҳисса қўшаётган ромитанлик дала меҳнаткашлари, заҳматкаш деҳқон фермерлар ва улар жамоаларини самимий табриклади. Жорий йил қишлоқ хўжалигида салмоқли, самарали бўлганини таъкидлаб, пахта, ғалла ва пиллачиликда яхши натижаларга эришилгани, мева-сабзавотчиликдаги ютуқлар, алоҳида қайд қилинди.
Тантанали маросимда ниҳояланган деҳқончилик йилида туман қишлоқ хўжалигига муносиб ҳиссасини қўшган, фидокорона меҳнат қилаётган фермерлар, деҳқон ва томорқа хўжалиги эгалари, саховатпеша чорвадорлар, заҳматкаш пиллакорлар, далада пешона терини тўккан механизатор ва сувчилар, илғор теримчи ва ортяд раҳбарлари, деҳқончилик, чорвачилик, пиллачилик, ирригация ва мелиорация, уруғчилик ва селекционерлик, ўсимликлар ва ҳайвонлар касалликларига қарши курашда жонбозлик кўрсатган мутахассислар меҳнати улуғланди.
Соҳа фидоийлари сифатида бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимларига "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси", "Илғор фермер", "Намунали томорқачи", "Меҳнаткаш деҳқон" кўкрак нишонлари, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Муҳташам тўйхонага ташриф буюрган соҳа вакиллари, дала меҳнаткашлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, эл суйган санъаткор Юлдуз Турдиева дилтортар куй-қўшиқлари билан барчага байрамона кайфият улашди.
Ҳосил байрами муносабати билан халқ ўйинларидан ўзбек миллий кураши беллашувлари ташқил қилингани спортсеварларни бефарқ қолдирмади. Муросасиз курашда вилоят полвонлари, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган маҳоратли курашчи йигитлар иштирок этдилар.
Шу куни эрта тонгида туман ҳокимлиги ташаббуси билан икки дошқозонда миллий таомларимиздан ҳалим пиширилиб, эҳтиёжманд оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига тарқатилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








