Қоракўлдаги "ҳосил байрами"да илғор теримчига "Дамас" берилди
2025-12-12 19:15:00 / Янгиликлар

Ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонлаб келинаётган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Қоракўл туманида ҳам ризқ-рўзимиз бунёдкорлари—миришкор деҳқон фермерлар, заҳматкаш чорвадор, пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, соҳанинг жонкуяр олимлари ва мутахассислари «Ҳосил тўйи»ни тантана қилдилар.
Ниҳоясига етаётган йилда олис туманда қишлоқ хўжалигида эришилган муваффақиятларга тўхталсак, соҳада фидокорона меҳнат қилаётган, қадоқ қўли ва фидоий қалб эгалари ҳиссаси билан дастлабки меҳнат маҳсули, кўзланганидан зиёд, яъни 5705 қути ипак қуртидан 348 тоннага етказиб «кумуш тола» етиштирилди. Бунда ҳудуддаги 4 мингдан ортиқ оилавий звено ва касаначилар, жумладан, Зиёда Адизова, Гулрабо Ҳасанова, Марғуба Ҳусенова, Дилрабо Камолова, Ҳилола Қурбонова, Зуҳра Шерқулова, Бодомгул Жўрақулова, Зуҳра Омонова, Ирода Очилова, Дилрабо Олтиева сингари тажрибали, пешқадм пиллакорларнинг жонбозлиги бор.
Жорий йилда ғаллачилик тармоғида ҳудуддаги 225 та фермер хўжалиги томонидан 6034 гектар майдонда серҳосил навларга мансуб ризқ-рўз манбаи яратилди. Машаққатли меҳнат эвазига ялпи буғдой хирмони қарийб 50 минг тоннага етказилган бўлса, ҳар бир гектар ҳосилдорлиги ўртача 75 центнерни ташкил этди. Тайёрланган сара ғалланинг 17 минг тоннадан ортиғи давлатга сотилган бўлса, қолган 33 минг тоннаси фермер хўжаликлари меҳнат жамоалари моддий манфаатдорлигига сарфланмоқда.
Ғаллачилик соҳасида айниқса «Ойдиной Олим Ойбек», «Пахтакор Фидокор», «Аслиддин Обод замини», «Барҳаёт Пармонобод», «Яшин», «Тўйхон момо», «Аскар Ҳамро Ҳакимбой», «Озод Шахоб», «Ўрин Шохибек Жаҳон», «Қоракўл Исломжон Раҳмон» ҳамда «Даврон бобо саховати» каби фермер хўжаликлари эришган ютуқлари алоҳида эътирофга лойиқ.
Шу йил туманда пахтачилик йўналишида 239 та фермер хўжалиги томонидан 8 минг 100 гектар майдонда серҳосил навларга мансуб чигит экилиб, белгиланган 36 минг тонна ўрнига 39 минг тоннага яқин «оқ олтин» хирмони бунёд қилинди. Мавсум давомида теримчилар ёрдамида 28 500 тоннага яқин ҳосил йиғиштириб олинган бўлса, қолгани замонавий пахта териш агрегатлари воситасида саранжомланди.
Айниқса, «Самад Бешим», «Олим Вали Файз», «Шарофиддин Обод пахтакор», «Муҳаммадали Ҳасанов», «Озодбек Равшанов», «Фарангиз», «Бобоқул Онда», «Дилмурод-74», «Дурмуҳаммад Бекмурод кулол», «Бобо деҳқон», «Мулло Қилич бобо», «Ҳотамбой ота Нуроний», «Барҳаёт Юлдош пахтакор» каби фермер хўжаликлари пахтадан 60-65 центнергача ҳосил олиб, бошқаларга ибрат бўлдилар.
Булардан ташқари, жорий йил чекка туманда аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида мева-сабзавот, гўшт, сут, тухум, балиқ, асал, қоракўл тери ва жун етиштириш бўйича белгиланган режа-топшириқлар ҳам ортиғи билан адо этилгани замирида деҳқон-фермер хўжаликлари ишчи кучи, тажрибали томорқа ер эгаларининг заҳматли меҳнати бор, албатта.
Юқоридаги ютуқлардан руҳланган қоракўллик деҳқон миришкорлар бугун туман марказий ўйингоҳида «Ҳосил байрами»ни кенг нишонладилар. Вилоят ва туман мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, қишлоқ хўжалигига доир корхона-ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари меҳнат жамоалари, ёшлар йиғилган маскан ўйин-кулгуга тўлди.
"Ҳосил байрами" тантанасида аграр тармоқда ишлаётган илғорлар, хусусан пахта йиғим-теримида фидойилик кўрсатганлар алоҳида эътироф этилди. Қишлоқ хўжалигининг фидойи вакиллари, дала меҳнаткашларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Дарвоқе, шу йил пахта йиғим-терими олдидан туманда фермер хўжаликларига ёрдамга чиққан теримчилар ўртасида танлов эълон қилиниб, «оқ олтин» хирмонига энг кўп ҳисса қўшадиган моҳир терувчига "Дамас" автомашинаси ваъда қилинганди. Мирзақалъа маҳалласида яшовчи Меҳригул Болтаева ана шундай юқори натижани кўрсатиб, мавсум охиригача хирмонга 3 тоннадан ошириб ҳосил териб топшириб, бу баҳсда биринчи бўлди. У «Ҳосил тўйи»да оила аъзолари билан биргаликда туман ҳокими Хуршид Тоҳиров қўлидан "Дамас" автомашинасини қабул қилиб олди.
Туман маданият бўлими бадиий ҳаваскорлик жамоаси, шунингдек, таниқли эстрада хонандаси Севинч Исмоилованинг концерт дастури тантанада йиғилганларга байрам кайфиятини улашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









