Қоракўл: “Ташаббусли бюджет” туфайли Қуйи Янгибозор маҳалласи йўли асфальтлаштирилмоқда
2025-12-10 15:10:00 / Янгиликлар

Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ишчи-мутахассислари томонидан аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда жорий йил иккинчи ярмида маҳалла ва қишлоқлардаги умумий 65 километрдан ортиқ ички йўл асоси тайёрланиб, таъмирдан чиқарилмоқда.
Бу борада “Ташаббусли бюджет” платформаси орқали жойларда аҳолининг йўл билан боғлиқ ташвиш-муаммолари бартараф қилинаётгани қувонарли, албатта. Мазкур лойиҳанинг шу йил иккинчи мавсумида Қуйи Янгибозор маҳалласида яшовчи аҳоли томонидан илгари сурилган ички йўлларни асфальтлаштириш лойиҳаси жами 2 614 та овоз тўплаб, ғолиб деб топилганди. Албатта, бу ташаббус маҳалла аҳолисининг ўз ҳудудини обод қилиш борасидаги фаоллиги ва бирдамлигини яққол намоён этди.
Ғолиб лойиҳа доирасида Қўлва обод қишлоғининг қарийб 2,5 километр узунликдаги ички йўлига асфальт қопламаси ётқизиш иши бошлаб юборилди. Бугун ҳудудда кенг кўламли йўл таъмирлаш ҳаракати давом эттирилмоқда. Айниқса, бу қишлоқ йўли аҳолининг бозор-ўчарга, қолаверса, фарзандларининг мактаб ва боғчага қатновчи йўли бўлиб, шу кунга қадар транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун ҳам хавф-хатар туғдиргани кўп эътирозларга сабаб бўлган. Эндиликда бу муаммо “кун тартибидан” олинмоқда.
Йўл асосини тайёрлаш ва асфальтлаштириш жараёни маҳалла жамоатчилиги иштирокида, очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилмоқда. Янгиланган йўл ҳудуд қиёфасини буткул ўзгартириб, аҳоли турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Муҳими, бу иш маҳалла аҳолисининг ижтимоий фаоллиги, бирлиги ва ташаббускорлигини янада оширмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





