Қоровулбозорлик деҳқон-фермерларнинг ҳосил байрами улоқ кўпкарига уланди
2025-12-09 19:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун, шунингдек, ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонлаб келинаётган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Қоровулбозор туманида ҳам ризқ-рўзимиз бунёдкорлари—миришкор деҳқон фермерлар, заҳматкаш чорвадор, пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, механизатор ва агрономлар, аграр соҳанинг жонкуяр олим ва мутахассислари “Ҳосил тўйи”ни катта тантана қилдилар. Бу байрам нафақат заҳматли меҳнат, ҳалол пешона тери самараси, балки файз-барака, бирдамлик ва мўл-кўллик рамзидир.
Байрам тадбирида қатнашган вилоят ҳокими Ботир Зарипов қоровулбозорлик деҳқон, фермерлар, томорқа ер эгалари, аграр соҳа фидойиларини қишлоқ хўжалигида эришилган муваффақиятлар билан самимий муборакбод этди.
Эътироф қилинганидек, жорий йилда чўлқуварлар заминида 45 минг тоннадан ортиқ сара буғдой етиштирилиб, шундан 16 минг тонна ғалла давлатга топширилган бўлса, 29 минг тоннага яқин ризқ-рўз манбаи хўжаликлар моддий эҳтиёжларига сарфланди. Бу ҳақда гапирганда, ҳудудда ғалладан юқори ҳосилдорликка эришган “Истиқлол”, “Амир Амон”, “Хушнудбек замини”, “Зарафшон Нурафшон”, “Зокир Шокир” каби фермер хўжаликларини алоҳида қайд этиш жоиз.
Аграр соҳанинг яна бир муҳим тармоғи – пахтачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий мавсумда қоровулбозорлик миришкорлар 17 минг тонна, ўтган йилга нисбатан 3 минг тонна кўп саноат хом ашёси “оқ олтин” етиштиришни уддаладилар. Айтиш жоизки, жорий йил туманга 6 та замонавий русумли пахта териш машинаси олиб келиниб, йиғим-теримда ҳосилнингн 60 фоизи пахта териш агрегатларида саранжомланди.
Ҳар гектар ҳосилдорлиги ўртача 44 центнерни ташкил этган бўлса, бу мавсумда теримчилар 27,5 миллиард сўмдан ошиқ моддий манфаатдорликка эришдилар. Пахтачиликда улкан хирмонни яратишга салмоқли ҳисса қўшган “Шомурод Жаҳонгир”, “Сайфулло”, “Ахтам Даврон”, “Дилдора”, “Рустам Достон”, “Муслиддин” каби фермер хўжаликлари бошқаларга намуна бўлишмоқда.
Кўпни кўрган, деҳқончиликда ер билан “тиллашиб, дардлашиб” яшайдиган қоровулбозорлик деҳқон, фермерлар мураккаб иқлим шароитида нафақат ғаллачилик ва пахтачиликда, балки бошқа жабҳаларда ҳам омилкорлик билан, бой билим ва тажрибаси, илм-фан ютуқларини ишга солиб, мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлишмоқда. Аҳоли сони ошиб бораётган туманда жорий йил давомида 5 минг 700 тонна гўшт, 54 миллион дона тухум, қолаверса, 134 тонна балиқ етиштирилгани юқоридаги фикримиз далили.
Маҳсулдорлик ҳажми кенгайиб бораётгани баробарида ҳудудда қишлоқ хўжалиги экспорт ҳажми йил сайин кўпаймоқда.
Буни йил давомида қарийб 2 минг тонна, қиймати 1 миллион 700 минг долларига тенг мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинганида ҳам кўриш мумкин. Ҳаёт синовларида тобланган, мард ва матонатли деҳқон, фермерларимиз, қишлоқ хўжалиги фидойилари бундан буён ҳам аҳоли фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек ғоят масъулиятли вазифани адо этишда бутун куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар.
Ҳосил тўйи муносабати билан туман марказидаги “Ёшлар боғи”да вилоят ва туман мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, қишлоқ хўжалигига доир корхона-ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари меҳнат жамоалари, ёшлар йиғилган маскан ўйин-кулгуга тўлди. Тантанада аграр тармоқда ишлаётган илғорлар, хусусан, ғалла ўрими, пахта йиғим-теримида фидойилик кўрсатганлар алоҳида эътироф этилди, қишлоқ хўжалигининг фидойи вакилларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шу куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли майдонда кўпкари-улоқ мусобақаси ташкил этилгани ҳосил байрами довруғини ён-атрофдаги туманларга, қўшни Қашқадарё, Навоий вилоятларигача ёйди. Мардлар майдони, муросасиз баҳсларда ўнлаб чавандоз ўз имкониятларини синовдан ўтказди.
Тантанада Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов ҳамда хушовоз эстрада хонандаси Севинч Исмоиловаларнинг куй-қўшиқлари билан иштирок этишгани қоровулбозорликларга байрам кайфиятини улашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









