Ижро интизомисиз тараққиёт бўлмайди
2025-12-06 19:00:00 / Янгиликлар

Шу жиҳатдан қаралганда, ижро интизоми ислоҳотларнинг муваффақиятига асос бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 10 февралдаги «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида устувор вазифалар белгилаб берилган.
Шундан келиб чиқиб, Бухоро вилояти ҳокимлигида ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида иш юритишнинг ички жараёнлари автоматлаштирилиб, электрон ҳужжат айланиши тизими тўлиқ жорий этилган. Хусусан, «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро электрон тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ҳамда мажлис баёнларида берилган топшириқлари ўз вақтида ижрога қаратилиб, сифатли бажарилиши қатъий назоратга олинган.
Ҳафтанинг ҳар душанба кунлари Бухоро вилояти ҳокими раҳбарлигида, ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳузурида ижро интизоми ҳолати танқидий муҳокама қилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси кунбай, соатбай қатъий назорат қилинмоқда.
«Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро электрон тизими киритилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан экспертизадан ўтказилганидан сўнг назоратдан ечилиши белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, вилоят ҳокимлиги аппаратида ушбу топшириқлар белгиланган муддатларда ва пухта бажаралишини таъминлаш мақсадида олдиндан огоҳлантириш тизими йўлга қўйилган.
Яъни ҳар ҳафта 2 маротаба келгуси ойнинг якунига қадар ижро муддати келадиган топшириқлар рўйхати эслатма сифатида ҳоким ўринбосарлари, маслаҳатчилари, бўлинма раҳбарларига ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларига етказилмоқда.
Ҳокимлик аппаратида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси ҳақидаги маълумотларни ижро муддати якунланишини кутмасдан электрон дастурга олдиндан киритиб бориш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги аппарати масъул ходимлари томонидан ҳар ойда битта туман ва шаҳарда ҳамда вилоят бошқарма, корхона ва ташкилотларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси мақсадли ўрганилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг июнь ойида вилоят Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармасида, август ойида Бухоро шаҳар ҳокимлигида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси ҳолати ўрганилиб, топшириқлар ижросини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатилди.
2025 йилнинг 11 ойи давомида вилоят ҳокимлиги аппаратида ижро интизомининг ҳолати 95 маротаба муҳокама қилинган.
2023 йил 21 ноябрь куни Президентимиз раҳбарликларида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича берилган топшириқлардан келиб чиқиб, ҳар бир топшириққа «темир интизом» билан жиддий ёндошиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг топшириқларини ўз вақтида, самарали ҳамда тўлиқ бажаришда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят корхона ташкилотлар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг роли ҳамда шахсий жавобгарлигини ошириш чоралари кўрилиб, сусткашликка йўл қўйган масъул раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўриб борилмоқда.
«Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида 2025 йилнинг ўтган даври давомида вилоятга дахлдор 4 232 та топшириқ келиб тушган бўлиб (2024 йилга нисбатан 556 тага ёки 15.1 % га ошган), ушбу топшириқларнинг 1 985 тасида вилоят ҳокимлиги асосий ижрочи ҳамда 2 448 тасида ҳамижрочи сифатида белгиланган.
Ушбу топшириқларнинг 4 232 таси (99,7%)нинг ижроси таъминланиб назоратдан ечилган. Қолган 10 та топшириқда вилоят ҳокимлиги ҳамижрочи сифатида белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу топшириқларнинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг ноябрь ойида «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида Президентимизнинг вилоят ҳокимлигига дахлдор 172 та топшириқлари келиб тушган бўлиб, барчасининг ижроси таъминланди.
Шунингдек, ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг Президент Администрацияси модулидаги вилоят ҳокимлигига дахлдор 7 та ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари модулида Ҳукуматимизнинг 12 та топшириғи келиб тушган бўлиб, барчасининг ижроси таъминланди.
Жорий йилнинг декабрь ойидаги топшириқларнинг ижросини таъминлаш бўйича кунбай календарь график ишлаб чиқилди. Ҳар бир ҳоким ўринбосарлари кесимида «Йўл харита»лари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ҳамда ижрога қаратилди.
Декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 797 та топшириқларидан 454 тасининг ижроси барвақт таъминланди ҳамда қолган топшириқлар ижросини белгиланган муддатларда ва сифатли таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.
Вилоятда Президентимизнинг, Президент Администрациясининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг декабрь ойидаги қолган топшириқлари ижросини белгиланган муддатларда ва сифатли таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.
Умид Қўшшаев,
Вилоят ҳокимлиги Ижро интизоми назорати бўлими бошлиғи
