Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан вилоят ҳокимлигида ўқув семинари ташкил қилинди
2025-12-05 16:20:00 / Янгиликлар

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–200-сонли фармони асосида ҳар йили мамлакат бўйлаб Аксилкоррупция ойлиги ўтказилиб, унинг доирасида ўқув ва конференциялар, семинарлар, пресс-турлар ва ёшлар учун тарғибот ишлари кенг йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши мажлисининг 2025 йил 14 ноябрдаги 28-сонли баённомасига мувофиқ Аксилкоррупция ойлиги доирасида тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу борадаги вазифалар ижросини самарали ташки этиш мақсадида вилоят ҳокимининг шу йил 20 ноябрдаги 398-2-0-F/25-cонли фармойиши қабул қилинган.
9 декабр—Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан Бухоро вилояти ҳокимлигида ўқув семинари ташкил қилинди. Унда қатнашган масъул ходимлар вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати коррупцияга қарши ички назорат шуъбаси мудири Қўйсинжон Мулкамоловнинг маърузасини тингладилар.
Эътироф этилганидек, давлат ҳокимияти бошқарув идоралари масъул ходимлари, ёшлар, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупция ҳолатларига дуч келганда қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тушунтириш ва амалий кўмак бериш, соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш, эришилаётган натижалар тарғиботига бағишланган тадбирларни мунтазам ташкил этиш лозим.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, бу борада эришилган натижаларни муҳокама қилишга бағишланган ўқув семинарида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





