Қоракўл: "Зиёрат" каналининг 9 минг метр ўзани бетонлаштирилмоқда
2025-12-04 21:15:00 / Янгиликлар

Қоракўл тумани миқёсида олсак, ирригация ва мелиорация тармоқларида шу кунга қадар ҳудудда умумий узунлиги 170 километрга тенг ички тармоқ ариқларини бетонлаштириш чора-тадбири кўрилган. Бугунга келиб туманда ички сув тармоқлари умумий узунлиги 1850 километрни ташкил этиб, шундан жорий қишки мавсумда ва эрта баҳорда ҳудудда фаолият юритаётган жами 245 та фермер хўжалигининг ички суғориш ариқларини бетонлаштириш ишлари сўнгги босқичда давом эттирилмоқда. Жараёнда ҳар бир фермер хўжалиги зиммасига ўз тасарруфидаги ички суғориш тармоғининг камида 1 минг метр қисмини бетонлаштириш вазифаси юкланган.
Албатта, экин ерларига борадиган сув йўллари, ариқ ва каналларни тозалаш, ўзанини бетонлаштириш каби юмушлар ҳам контурлар мелиоратив ҳолатини яхшилаши баробарида ердан мўл ҳосил олиш гаровидир. Жумладан, тумандаги Бандбоши, Хўжакон, Маллаишайх ва Зиёрат маҳаллаларида жойлашган аҳоли томорқалари ҳамда ҳудуддаги фермер хўжалиги дала майдонларини “оби ҳаёт” билан таъминлашга хизмат қиладиган сув сиғими 1,5 куб метрга тенг сув ўтказиш қувватига эга "Зиёрат" каналининг 9 минг метр ўзанини бетонлаштириш ишлари бормоқда.
— Сув тақчиллиги йил сайин кучаяётган ҳозирги пайтда экин ерларини суғоришда катта аҳамиятга эга хўжаликлараро ариқларни бетонлаштириш ишларини қизғин давом эттирмоқдамиз, — дейди туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори Азамат Отақулов. — Зеро, бу билан канал ва ариқларда сув равон оқади ва асосийси, бебаҳо табиат неъмати кўп миқдорда исроф бўлишининг олди олинади. Айни кунда ҳудудда 154 минг метр хўжаликлараро ҳамда 1850 километр узунликдаги ички суғориш тармоғи мавжуд бўлиб, ҳозирда бу гидроиншоотларнинг аксариятида бетон ётқизиш, тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, халқимизда “Отанг мироб бўлса ҳам, бир томчи сувни исроф қилма” деган пурмаъно гап бежиз айтилмаган. Бетонлаштириш ишларини тез ва соз якунлаш мақсадида қурилиш майдонига етарли техника ва ишчи кучи жалб қилинган. Табиийки, ариқ ўзанини бетонлаштириш ишлари ниҳоясига етгач, унда сув ўтказиш қуввати яхшиланади, истеъмолчи хўжаликлар “оби ҳаёт” билан барқарор таъминланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







