Бухорода имконияти чекланган юртдошларимиз учун байрам тадбири ташкил этилди
2025-12-03 15:25:00 / Янгиликлар

Тадбирга вилоятимизда яшовчи Ногиронлар жамияти, Карлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Афғончилар бирлашмаси, Чернобилчилар бирлашмасининг аъзолари, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар таклиф этилди.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган вилоят ҳокими Ботир Зарипов кексаларни ҳурмат қилиш, имконияти чекланган шахсларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини қайд этди.
Таъкидланганидек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифатини ошириш, улар учун қулай меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш, кафолатли ижтимоий ва моддий таъминотни ташкил этиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур халқчил ислоҳотлар натижасида вилоятимиздаги 242 минг нафарга яқин кекса авлод вакиллари, жумладан, 23 минг 588 нафар ногиронлиги мавжуд кексалар, 4 нафар Иккинчи Жаҳон уруши фахрийси, 110 нафар меҳнат фронти фахрийлари, 35 нафар юз ёшдан ошганлар бугун давлатимизнинг кафолатли ижтимоий ҳимояси остида умргузаронлик қилишмоқда.
Хусусан, биргина жорий йилнинг ўзида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими маблағлари ҳисобидан 52 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар санаторийларга юборилди. 775 нафар ногиронлиги бўлган кексалар махсус аравачалар, 308 нафари эшитиш мосламалари, 118 нафари қўлтиқтаёқ ва 299 нафари ҳасса билан таъминланди.
Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уларнинг юртимиз сўлим гўшалари ва зиёратгоҳларига саёҳатларини ташкил этиш, театр ва бошқа маданий тадбирларга жалб этиш, улар орасида спорт мусобақалари ташкил этиш тадбирлари ҳам узвий давом эттирилмоқда.
Имконияти чекланган юртдошларимиз ҳам ўзларининг матонатли меҳнати, шукроналик фазилатлари билан ҳам қолганларга ўрнак бўлмоқда.
Тадбир давомида ана шундай юртдошларимиздан бир гуруҳи вилоят ҳокимлигининг ташаккуромаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Вилоятимиз санъат усталари томонидан намойиш этилган концерт дастури эса барчага байрамона кайфият улашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









