Ромитан: “Хуршид Хушнудбек” фермер хўжалигида ўтган кўргазмали семинар долзарб агротехник тадбирларга бағишланди
2025-11-27 18:45:00 / Янгиликлар

Худди шундай, жорий деҳқончилик мавсумида туманда ғаллачилик йўналишидаги 274 та фермер хўжалиги томонидан 6414 гектар ерда элимиз ризқ-рўзи—сара буғдой етиштирилган бўлиб, қишлоқ хўжалигига инновацион технологиялар кенг қўлланилаётгани туфайли ҳар гектар ялпи ҳосилдорлиги 65-70 центнергача етказилгани катта ютуқ, албатта.
Туманда кўп тармоқли субъектга айланаётган “BCT Cluster Agrokompleks” МЧЖ томонидан жорий мавсум ҳосили учун 1850 гектар майдонда сара буғдой етиштирилиб, кўзланганидан ошиқ, яъни 10 минг тоннадан ошириб ялпи ғалла хирмони бунёд қилингани ўнлаб деҳқон фермерлар, меҳнаткашлар оилалари моддий манфаатдорлигини таъминламоқда.
Шу кунларда вилоятимиз далаларида келгуси йил ҳосили учун пухта тараддуд бошланган. Куни кеча Ромитан тумани, “Нурафшон” ҳудудидаги “Хуршид Хушнудбек” фермер хўжалигида экин ерларини маҳаллий ўғитга тўйинтириб, чуқур шудгорлаш, “биочар” агротехник тадбирини талаб даражасида ташкиллаштириш, фермер, деҳқон хўжаликлари дала четлари, чел-марзаларни кўкаламзорлаштириш, манзарали ва мевали дарахт ниҳоллари, ток кўчатларини ўтқазиш ва парваришлаш билан боғлиқ кўргазмали ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди.
Агрокластер вакиллари, фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, таъминотчи ташкилотлар масъуллари қатнашган тадбирда вилоят ва туман агрокомплексига дахлдор ташкилот-идоралари раҳбарлари томонидан шу йил 5 декабрь кунигача шудгорлаш ишларини сифатли якунлаш, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида дала четлари, бўш ерларга мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш, ғўзапоядан “биочар” тайёрлаш ва унинг тупроқ унумдорлигига таьсири, ердан қўшимча даромад олиш усуллари юзасидан тавсия ва тушунтиришлар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






